Ўзбекистонда ўтган 9 ойда қанча бюджет маблағлари асоссиз сарфлангани маълум бўлди
Ўзбекистонда ўтган 9 ойда 129,1 миллиард сўмлик бюджет маблағлари асоссиз сарфлангани аниқланди. Бу ҳақда «Кun.uz» хабар берди.
Таъкидланишича, Қонунчилик палатаси фракциялари давлат бюджети ва давлат мақсадли жамғармалари бюджетларининг 2020 йилнинг ўтган 9 ойи якуни ижроси тўғрисида тайёрланган ҳисобот билан танишди.
Хабар беришилича, муҳокамалар жараёнида давлат бюджетининг асоссиз сарфланиши ҳамда товар моддий бойликларидаги камомадлар ҳуқуқий нормалар яратилган бўлишига қарамасдан, йилдан йилга ортиб бораётгани депутатларнинг эътирозларига сабаб бўлган.
Жумладан, ўтган 9 ой давомида бюджет маблағларининг мақсадли фойдаланилиши юзасидан ўтказилган назорат тадбирларида 129,1 миллиард сўм бюджет интизомининг бузилганлик ҳолатлари аниқланган. Кўрилган чора-тадбирлар натижасида 96 миллиард сўм (74 фоиз) маблағлар бюджетга қайтарилган.
Мавзуга доир: Ўзбекистондаги боғчаларда 48 миллиард сўмдан ортиқ пул талон-торож қилингани маълум бўлди
Қуйидаги вазирликларда энг кўп қонунбузилиш ҳолатлари ва бошқа хато-камчиликларга йўл қўйилган:
- Халқ таълими вазирлиги тизимида ўтказилган 487 та назорат тадбирининг 389 тасида 40,7 миллиард сўм миқдорида қонун бузилиши ҳолатлари аниқланган;
- Соғлиқни сақлаш вазирлиги тизимида ўтказилган 465 та назорат тадбирининг 345 тасида 22 миллиард сўм миқдорида қонун бузилиши ҳолатлари аниқланган;
- Мактабгача таълим вазирлиги тизимида ўтказилган 200 та назорат тадбирининг 159 тасида 10,7 миллиард сўм миқдорида қонун бузилиши ҳолатлари аниқланган;
- Уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш вазирлиги тизимида ўтказилган 58 та назорат тадбирининг 47 тасида 6,3 миллиард сўм миқдорида қонун бузилиши ҳолатлари аниқланган.
Аввалроқ Бухорода нефть маҳсулотларини жўнатишда 62,1 миллион сўм асоссиз қўшимча ҳақ ундирилгани аниқлангани ҳақида хабар берилган. Шунингдек, Ўзбекистонда 2019 йилги сайловларда 3,5 миллион доллар самарасиз тузилма учун сарфлангани маълум бўлган эди.