Бухорода нефть маҳсулотларини жўнатишда 62,1 млн сўм асоссиз қўшимча ҳақ ундирилгани аниқланди

Бухоро вилоятида 6 та харидордан нефть маҳсулотларини юклаб жўнатиш учун жами 62,1 миллион сўмлик асоссиз қўшимча ҳақ ундирилгани аниқланди. Бу ҳақда Монополияга курашиш қўмитаси матбуот хизмати хабар берди.

Маълум қилинишича, «Бухоро нефтбазаси» корхонаси томонидан юклаб жўнатиш харажати учун харидорлардан қўшимча ҳақ ундирилганлиги ҳолатлари қайд этилган. Мазкур ҳолатлар бўйича бошқарма нефть маҳсулотларини сақлаш бўйича истеъмолчилардан тўлов ундирганлик ёки ҳисобланган ҳолатларни қайта кўриб чиқиб, аниқланган асоссиз ундирилган тўловларни истеъмолчиларга қайта ҳисоб-китоб қилиш ҳамда амалга оширилган ишлар юзасидан маълумот тақдим қилишни сўраб, корхонага мурожаат қилган.

Хабарга кўра, расмий хат орқали «Бухоро нефтбазаси» корхонаси истеъмолчилардан нефть маҳсулотларини масъул сақлаш бўйича ортиқча тўлов ундирилмаганлигини, аксинча, истеъмолчилар билан алоҳида шартнома тузган ҳолда етказиб бериш бўйича харажатлар ундирилганлигини маълум қилган. Олинган маълумотларнинг асосли эканлигини аниқлаш мақсадида бошқармага келиб тушган мурожаатлар ҳамда тегишли ташкилотлардан олинган сўров маълумотлар ўрганилган.

Ўрганиш давомида аниқланишича, ушбу корхона томонидан 6 та харидордан нефть маҳсулотларини юклаб жўнатишда жами 62,1 миллион сўмлик асоссиз қўшимча ҳақ ундирилган. Аниқланган ҳолатлар юзасидан «Рақобат тўғрисида»ги қонуннинг 23-моддасида кўрсатилган қонунбузарлик содир қилинган деб топилган.

Шунингдек, «Бухоро нефтбазаси» МЧЖга нисбатан бошқарма махсус комиссияси томонидан иш қўзғатилган. Шунингдек, махсус комиссия ваколат доирасида 2020 йил 7-сентябрда кўрсатма берган. Қайд этилишича, «Бухоро нефтбазаси» МЧЖ томонидан нефть маҳсулотларини юклаб жўнатиш бўйича асоссиз ундирилган тўловлар харидорларга ўзаро қайта ҳисоб-китоб қилиниши таъминланган.

Аввалроқ Пайариқда фуқароларнинг 15 миллион сўмдан ортиқ иш ҳақини бермаган фирмага нисбатан суд буйруқлари чиқарилгани ҳақида хабар қилинган эди. Шунингдек, Самарқандда 1 миллиард 250 миллион сўмдан ортиқ маблағни талон-торож қилган мансабдор шахслар аниқлангани маълум қилинганди.