Пайариқда фуқароларнинг 15 млн сўмдан ортиқ иш ҳақини бермаган фирмага нисбатан суд буйруқлари чиқарилди

Самарқанд вилояти Пайариқ туманида фуқароларнинг иш ҳақларини асоссиз равишда бермай келаётган фирмага нисбатан иш ҳақи бўйича қарздорликни ундириш тўғрисидаги суд буйруқлари чиқарилди, деб хабар берди Пайариқ туман адлия бўлими ахборот хизмати.

Хабарда айтилишича, фуқаролар Н.К. ҳамда Н.Б. Самарқанд вилояти Пайариқ туман адлия бўлимига  мурожаат қилиб, иш ҳақлари Пайариқ «Агросервис МТП» томонидан тўланмаганини билдирган. Ушбу мурожаат Пайариқ туман адлия бўлими томонидан ўрганиб чиқилганда фуқаролар Н.К.га 8 084 876 сўм ҳамда Н.Б.га 7 179 784 сўм миқдордаги ойлик иш ҳақлари «Агросервис МТП» томонидан асоссиз равишда тўланмаганлиги аниқланган.

Ҳолат юзасидан фуқаролар Н.К. ҳамда Н.Б.ларнинг манфаатини кўзлаб, уларнинг иш ҳақларини ундириш мақсадида Фуқаролик ишлари бўйича Пайариқ туманлараро судига даъво аризалари киритилган. Туман адлия бўлимининг мазкур аризаси суд томонидан белгиланган тартибда кўриб чиқилиб, фуқароларга тўланмаган иш ҳақи бўйича қарздорликни ундириш тўғрисидаги суд буйруқлари чиқарилган.

Аввалроқ Андижонда 250 миллион сўмга яқин бюджет маблағларини талон-торож қилган мансабдорлар қўлга олингани ва Фарғонада «Ўзгидротехник» ходимлари уч ойдан буён маош олмагани, ишчиларга ваъда қилинган мукофот пули ҳам берилмагани ҳақида хабар берилганди.

Янгиликлар