Самарқандда 1 млрд 250 млн сўмдан ортиқ маблағни талон-торож қилган мансабдор шахслар аниқланди

Самарқанд вилоятида ДХХ вилоят бошқармаси ҳамда Бош прокуратура қошидаги Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаменти томонидан тўпланган ҳужжатларга кўра «Трамвай линияларини эксплуатация қилиш дирекцияси» мансабдорлари 1 миллиард 258,3 миллион сўм маблағни ўзлаштирган. Бу ҳақда «Tez News» мухбири хабар берди.

Маълум қилинишича, Самарқанд шаҳар ҳокимлиги қошидаги «Трамвай линияларини эксплуатация қилиш дирекцияси» давлат корхонаси мансабдор шахслари 2017—2019 йиллар давомида корхонанинг 74,6 миллион сўм маблағларини хизмат сафари учун асоссиз ишлатган. Бундан ташқари, ходимларнинг иш ҳақига асоссиз равишда 235,8 миллион сўм қўшиб ёзган ҳамда банкдан иш ҳақи учун олинган 112,3 миллион сўмни ходимларга тарқатмаган.

Шунингдек, корхона мансабдорлари корхонада ишламаган фуқароларнинг контракт тўлови ва бошқа харажатлари учун 137 миллион сўм маблағ ўтказишган. Бошқа корхоналарга молиявий ёрдам сифатида 62,5 миллион ҳамда корхонанинг корпоратив картасидан 636,1 минг сўм асоссиз чиқим қилган. Умумий ҳисобда корхона мансабдорлари 1 миллиард 258,3 миллион сўм маблағини ўзлаштирган ва растрата қилиш йўли билан талон-торож қилган.

Бундан ташқари, ушбу мансабдор шахслар давлат корхонаси мулкини ўзлаштириш йўли билан қўлга киритган маблағларининг 232,4 миллион сўмини Самарқанд шаҳар Aл-Хоразмий кўчасида қурилган кўп қаватли уйдан 3 хонали хонадонни сотиб олиш учун «М.Д.Б» масъулияти чекланган жамиятига жиноий фаолиятдан олган даромадларини легаллаштириш учун ўтказиб беришган.

Ҳолат юзасидан департаментнинг вилоят бошқармаси томонидан ушбу шахсларга нисбатан Жиноят кодексининг 167-моддаси 3-қисми «а» банди ва 243-моддаси билан жиноят иши қўзғатилган.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Ўзбекистон «Меҳр-шафқат ва саломатлик» жамғармаси мансабдорлари 2,8 миллиард сўмни талон-торож қилгани фош этилгани хабар қилинган эди. Кейинчалик ШҲТнинг Самарқанд саммитига ажратилган пуллардан 7,4 миллиард сўмдан ортиғи талон-торож қилингани фош бўлганди.

Янгиликлар