Ўзбекистон «Меҳр-шафқат ва саломатлик» жамоат жамғармаси мансабдорлари 2,8 млрд сўмни талон-торож қилгани фош этилди

Ўзбекистон «Меҳр-шафқат ва саломатлик» жамоат жамғармаси 2,8 миллиард сўмни талон-торож қилгани аниқланди. Бу ҳақда Бош прокуратура «Tez News»га хабар берди.

Бош прокуратура ҳузуридаги Департаментнинг Шайхонтоҳур туман бўлими томонидан Ўзбекистон «Меҳр-шафқат ва саломатлик» жамоат жамғармаси фаолияти юзасидан ўтказилган терговга қадар текширувда жамғарма директори М.А. ва бошқалар олдиндан тил бириктириб, дори воситалари ва тиббиёт ускуналарини қиммат нархларда сотиб олиб, жамғарманинг 2,8 миллиард сўм маблағларини талон-торож қилганликлари аниқланган.

Мазкур ҳолат юзасидан жамғарма директори М.А. ва бошқаларга нисбатан Жиноят кодексининг 167-моддаси 3-қисми «а» банди билан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари ўтказилмоқда.

Аввалроқ Бухорода «Ўзбекнефтгаз» масъул ходимлари салкам 300 миллион сўмлик қувур ва қора металлни талон-торож қилгани ҳақда хабар берилган эди. Шунингдек, Самарқандда 6 ой давомида ерларнинг талон-торож қилиниши юзасидан 1,6 миллиард сўмлик зарар ундирилган эди. 

Янгиликлар