Самарқандда 6 ой давомида ерларнинг талон-торож қилиниши юзасидан 1,6 млрд сўмлик зарар ундирилди
Самарқанд вилояти прокуратураси ўтган олти ой давомида қишлоқ хўжалиги соҳасида қонунлар ижроси юзасидан назорат ишлари давомида аниқланган қонун бузилиш ҳолатлари ва қўлланилган чоралар ҳақида маълумот берди.
Маълум бўлишича, ўтган олти ой давомида фермерларга 610 гектар ер майдони, 2 минг 100 тонна минерал ўғит, 1150 тонна нефть маҳсулотлари ажратилишида, 1,2 миллиард сўм кредит, 830 миллион сўм иш ҳақи, 260 миллион сўм нақд пул маблағлари олишларида амалий ёрдам кўрсатилган. Шунингдек, ерларнинг талон-торож қилиниши ҳолатлари юзасидан 65 та жиноят ишлари қўзғатилиб, тергов давомида 1,6 миллиард сўмлик зарарларнинг ундирилиши таъминланган.
«Мисол учун, Самарқанд туманидаги ‘Исломов Исмат Узумзорлари’ фермер хўжалиги раҳбари 42 сотих ер майдонини 4 нафар фуқарога 35 минг долларга сотганлиги ҳолати юзасидан жиноят иши қўзғатилди. Бундай салбий ҳолатларни кўплаб келтириш мумкин. Юзага келган бундай вазиятни инобатга олиб, ҳокимликлар ва тегишли идоралар ҳамкорлигида ер майдонлари хатловдан ўтказилиб, 1549 гектар ноқонуний фойдаланиб келинаётган ерлар захирага қайтарилди. Мазкур ерларнинг 500 гектарига пахта, 708 гектарига сабзавот, 313 гектарига озиқа ва 30 гектарига бошқа қишлоқ хўжалиги экинларининг экилиши таъминланди», — дейди Самарқанд вилояти прокурорининг ўринбосари Мухиддин Бaхритдинов.
Таъкидланишича, юқоридаги йўналишда 1587 та назорат ҳужжатлари қўлланилиб, фермерлар ва давлат манфаатларини кўзлаб 16,9 миллиард сўмлик 501 та даъво аризаси киритилди ҳамда ноқонуний қарорларни бекор қилиш тўғрисида 132 та протест келтирилган. Бундан ташқари, ҳисобот даврида бевосита прокуратура органлари томонидан 408 та жиноят иши юзасидан тергов ўтказилган, келиб тушган 1326 та жиноят ҳақидаги ариза ва хабар асосида 150 та жиноят иши қўзғатилган, 1206 таси бўйича терговга қадар текширувлар ўтказилган.
«Aлбатта, фаолиятимизда ўз ечимини кутаётган долзарб масалалар, камчилик ва муаммолар жуда кўп, ходимларнинг, прокурорларнинг барчаси ҳам бирдек масъулият билан ишлай олмаяпти. Бундай ходимларнинг 10 нафари, шу жумладан, 4 нафар прокурор интизомий жавобгарликка тортилди, 1 нафари тизимдан бўшатилди», — дея изоҳ беради Самарқанд вилояти прокурорининг ўринбосари.
Аввалроқ Самарқандда ўтган 6 ой давомида 19 нафар мансабдор интизомий ва маъмурий жавобгарликка тортилгани, Жондорда даладан 410 та пахта кўсаги ўғирлаган шахсга 5 сутка маъмурий қамоқ жазоси тайинлангани ҳамда Эркинжон Турдимов Самарқанддаги тадбиркорларнинг муаммоларини ўрганиб, жойида ҳал қилиш бўйича кўрсатма бергани ҳақида хабар берилганди.
Эслатиб ўтамиз, Самарқанд вилояти Солиқ бошқармасининг «Ишонч телефони»га 7 ой мобайнида қанча мурожаат келиб тушгани маълум қилинганди.