Самарқандда ўтган 6 ой давомида 19 нафар мансабдор интизомий ва маъмурий жавобгарликка тортилди
Халқ депутатлари Самарқанд вилояти кенгашининг 21 август куни ўтказилган ўн иккинчи сессиясидаги вилоят прокурори Фарҳод Зуфаровнинг ахборотида 2020 йилнинг 6 ойи давомида тадбиркорлар ҳуқуқларини поймол этган 19 нафар мансабдор шахс интизомий ва маъмурий жавобгарликка тортилгани маълум қилинди.
Ахборотда қайд этилишича, учрашув, қабул ва назорат тадбирлари давомида:
- 605 нафар тадбиркорларнинг турли муаммолари бартараф этилган;
- 432 та янги тадбиркорлик субъектлари ташкил этилган;
- фаолияти тўхтаб қолган 220 та корхона тикланди ва уларда 1117 та қўшимча иш ўринлари яратилган;
- 10,3 миллион долларлик хорижий инвестициялар жалб этилишида амалий ёрдам кўрсатилиб, 59 нафар тадбиркорнинг бузилган ҳуқуқлари тикланган.
«Юзага келган бундай вазиятни инобатга олиб, ҳокимликлар ва тегишли идоралар ҳамкорлигида ер майдонларини хатловдан ўтказдик ва 1549 гектар ноқонуний фойдаланиб келинаётган ерлар захирага қайтарилди. Ушбу йўналишда 1587 та прокурорлик назорати ҳужжатлари қўлланилиб, фермерлар ва давлат манфаатларини кўзлаб 16,9 миллиард сўмлик 501 та даъво аризалари киритилди ҳамда ноқонуний қарорларни бекор қилиш тўғрисида 132 та протестлар келтирилди», — деди Самарқанд вилоят прокурори Фарҳод Зуфаров.
Шунингдек, ерларнинг талон-торож қилинганлиги ҳолати юзасидан 65 та жиноят ишлари қўзғатилиб, тергов давомида 1,6 миллиард сўмлик зарарларнинг ундирилиши таъминланган. Бундан ташқари, Самарқанд туманидаги «Исломов Исмат Узумзорлари» фермер хўжалиги раҳбари 42 сотих ер майдонини 4 нафар фуқарога 35 минг долларга сотганлиги ҳолати юзасидан жиноят иши қўзғатилган.
Аввалроқ Хоразмда тадбиркорга ер ажратиб бериш эвазига 20 минг доллар пора талаб қилган мансабдор қўлга тушгани, Фарғонада 4,5 миллиард сўм кредит маблағларини ўзлаштирган шахсларга жиноят иши қўзғатилгани ҳамда Фарғонада сўнгги 10 ой давомида ваколатли ташкилотлар томонидан қанча қонун бузилиши ҳолатлари аниқлангани ҳақида хабар берилганди.