Хоразмда тадбиркорга ер ажратиб бериш эвазига 20 минг доллар пора талаб қилган мансабдор қўлга тушди

Хоразмда тадбиркордан 20 000 АҚШ доллари пора талаб қилган масъул ушланди. Бу ҳақда Бош прокуратура «Tez News»га хабар берди.

Бош прокуратура ҳузуридаги Департамент ва ДХХнинг Хоразм вилояти бошқармаси томонидан ўтказилган тезкор тадбирда Тупроққалъа тумани ер ресурслари ва давлат кадастри бўлими бошлиғи М.Р.нинг мансабини суиистеъмол қилгани аниқланган.

У «Д.» МЧЖнинг иш юритувчиси Р.дан жамиятга тумандаги Гурлан массиви ҳудудидан балиқчилик кўли ташкил қилиш учун 15 гектар ер майдони ажратиб бериш эвазига 20 000 АҚШ доллари пора талаб қилиб олган вақтида ашёвий далил билан ушланган.

Мазкур ҳолат юзасидан М.Р.га нисбатан Жиноят кодексининг 210-моддаси 3-қисми «а» банди билан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари ўтказилмоқда.

Аввалроқ Тошкентда маййитни ўликхонадан чиқариш эвазига 200 доллар талаб қилган эксперт қўлга олингани хабар қилинган эди.

Янгиликлар