Тошкентда майитни ўликхонадан чиқариб бериш эвазига 200 доллар талаб қилган эксперт қўлга олинди

Тошкент шаҳрида 200 АҚШ доллари эвазига майитни ўликхонадан чиқариб беришни ваъда қилган эксперт қўлга олинди. Бу ҳақда «Tez News»га Бош прокуратура матбуот хизмати хабар берди.

Маълум қилинишича, Суд-тиббий экспертиза илмий-амалий маркази Тошкент шаҳар филиали бошлиғи ўринбосари З.У. ўз хизмат мавқеидан фойдаланиб, 2020 йилнинг 15 август куни вафот этган фуқаро майитини ўликхонадан чиқариб бериш эвазига марҳумнинг қариндошидан 200 АҚШ доллари талаб қилган. Бош прокуратура ҳузуридаги Департаментнинг Тошкент шаҳар бошқармаси томонидан ўтказилган тезкор тадбир давомида эксперт ашёвий далил билан ушланган.

Ҳолат бўйича Жиноят кодексининг 210-модда 2-қисми «в» банди (Пора олиш) билан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари ўтказилмоқда.

Аввалроқ Наманганда фуқароларни Кореяга ишга жўнатишини айтиб, 14 минг долларга чув туширган фирибгар аёл ушлангани, Мирзаободда банк филиалининг собиқ бошқарувчиси тадбиркорларнинг ярим миллиард сўмдан ортиқ кредит маблағини ўзлаштиргани ҳамда Фарғонада 39 миллион сўм пора эвазига масжид фаолияти учун рухсатнома олиб бермоқчи бўлган адлия ходими ушлангани ҳақида хабар берилганди.

Янгиликлар