Мирзаободда банк филиалининг собиқ бошқарувчиси тадбиркорларнинг ярим миллиард сўмдан ортиқ кредит маблағини ўзлаштиргани аниқланди

Сирдарё вилояти Мирзаобод туманида фермер хўжалиги рахбарининг 17 миллион сўм маблағини талон-торож қилган ҳамда тадбиркорларнинг 520 миллион сўмлик кредит маблағларини ўзлаштирган собиқ банк бошқарувчисига жиноят иши қўзғатилди. Бу ҳақда Бош прокуратура матбуот хизмати «Tez News»га хабар қилди.

Маълум қилинишича, Бош прокуратура ҳузуридаги Департаментнинг Мирзаобод туман бўлими томонидан тадбиркорлик субъектларининг қонуний ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш борасида ўтказилган терговга қадар текширувда АТБ «Агробанк» Мирзаобод филиалининг собиқ бошқарувчиси А.Г. «Т.П.» фермер хўжалиги раҳбарининг хабардорлигисиз унинг номидан 17,6 миллион сўм маблағларни бошқа хўжалик юритувчи субъект ҳисоб рақамига ўтказганли фош этилган. Шунингдек, «Д.В.» фермер хўжалиги раҳбари томонидан кредит қарздорлигини сўндириш учун банкка тўланган 17 миллион сўм нақд пулларни ўз эҳтиёжи учун ишлатиб юборганлиги аниқланган.

Бундан ташқари, банкнинг собиқ бошқарувчиси А.Г. 3 та хўжалик юритувчи субъектларга уларнинг хабардорлигисиз жами 520 миллион сўм кредит расмийлаштириб, ўз манфаатлари йўлида ишлатиб юбориб, талон-торож қилганлиги фош этилган.

Мазкур ҳолатлар юзасидан А.Г. ва бошқаларга нисбатан Жиноят кодексининг 167-моддаси 3-қисми «а» банди (Ўзлаштириш ёки растрата йўли билан талон-торож қилиш) билан жиноят иши қўзғатилган. Ҳозирда тергов ҳаракатлари ўтказилмоқда.

Аввалроқ Навоийда солиқ инспекцияси тадбиркордан 6 миллиард сўм пулни ноқонуний ундиришга ҳаракат қилгани, Бекободда кам таъминланган оилалар учун ажратилган маблағларни талон-торож қилган маҳалла раисига жиноят иши қўзғатилгани ва Мингбулоқда аҳолининг 190 миллион сўм пулини талон-торож қилган мансабдорлар фош этилгани ҳақида хабар берилганди.

Янгиликлар