Жондорда даладан 410 та пахта кўсаги ўғирлаган шахсга 5 сутка маъмурий қамоқ жазоси тайинланди (видео)
Бухоро вилояти Жондор туманида даладан 410 та пахта кўсаги ўғирлаган шахсга 5 сутка маъмурий қамоқ жазоси тайинланди. Бу ҳақда вилоят ҳокимлиги ахборот хизмати хабар берди.
Маълум қилинишича, вилоят Ички ишлар бошқармаси томонидан 19 август куни «Пахта-2020» йиғим-терим мавсуми олдидан ўтказилган текширув тадбири давомида Жондор туман «Сомончиқ» МФЙ Нозима Ниёз қизи фермер хўжалиги худудида қопда 410 та кўтариб кетаётган номаълум шахс қўлга олинган. Шахс текширилганда унинг Гулобод қишлоғида яшовчи 1971 йилда туғилган фуқаро эканлиги аниқланган.
Қайд этилишича, шахсга нисбатан тегишли ҳужжатлар расмийлаштирилгач, ИИБ томонидан сайёр суд ўтказилган ҳамда 5 сутка маъмурий қамоқ жазоси тайинланган.
Aввалроқ Олтинкўлда 2020 йилги мавсумда 5 минг гектардан зиёд майдонда ғўза етиштирилиши маълум қилинган эди. Кейинчалик Шаҳрихон ҳокими тумандаги фермерлар билан пахта ҳосилини йиғиштириб олиш бўйича учрашув ўтказди.