Эркинжон Турдимов Самарқанддаги тадбиркорларнинг муаммоларини ўрганиб, жойида ҳал қилиш бўйича кўрсатма берди
Ўзбекистон савдо-саноат палатаси Самарқанд вилояти ҳудудий бошқармасида вилоят ҳокими томонидан 17 август, душанба куни навбатдаги тадбиркорлар қабули ўтказилди. Бу ҳақда Самарқанд вилояти ҳокимлиги матбуот хизмати хабар берди.
Хабарда айтилишича, ўтган ҳафта давомида савдо-саноат палатасининг ҳудудий бошқармасига тадбиркорлар ва тадбиркорлик субектлари томонидан 33 та мурожаат келиб тушган. Қабулгача эса уларнинг 28 таси ҳал қилинган. Қўшимча кўриб чиқишни талаб қиладиган 5 та мурожаат эса ҳар душанба куни бўлиб ўтадиган «Тадбиркорлар куни» доирасида вилоят ҳокими томонидан масъул раҳбарлар билан биргаликда ўрганиб чиқилган.
Вилоят ҳокими қабулида якка тартибдаги тадбиркорлар ва масъулияти чекланган жамиятларнинг раҳбарлари иштирок этган. Улар ишлаб чиқариш корхоналари фаолияти соҳасида тўсиқ бўлаётган муаммолар ҳақида сўз юритган.
Таъкидланишича, 2019 йили май ойида Бердиали Эралиевга туман ҳокимининг қарори асосида Пастдарғом туманидаги маҳаллаларнинг биридан ер участкаси берилган. Лойиҳага кўра, тадбиркор балиқчилик фермасини ташкил қилиши керак бўлган, бироқ карантин туфайли қурилиш ишлари вақтинча тўхтатилган. Мулоқот давомида ана шу тадбиркорнинг мунозарали масаласи бўйича барча тафсилотларни жойида ўрганиш борасида ишчи гуруҳи тузилган.
Шунингдек, Пастдарғом туманидаги «Дўстлик» фермер хўжалигининг вақтинчалик раиси ҳам ер билан боғлиқ муаммони ҳал қилишини сўраб, қабулга келган. Ушбу ҳолат юзасидан масъул шахсларнинг фикрлари тингланган ва вилоят ҳокими уйининг ёнидан ер участкаси ажратишини таъкидлаган.
«Қабул давомида ҳар бир мурожаат бўйича тушунтириш ва маслаҳатлар берилди. Қўшимча кўрилиши керак бўлган масалалар назоратга олинади ва ижро учун масъулларга юборилади», — дейилади хабарда.
Аввалроқ Самарқандда умумий қиймати 1 триллион сўмдан кўпроқ бўлган 66 та лойиҳа амалга оширилиши, Самарқандда 6 ойда иқтисодий судлар тадбиркорлар фойдасига 105 миллиард сўмдан ортиқ маблағни ундириш бўйича ҳужжатлар қабул қилгани ҳамда Бухорода карантинда 2149 та тадбиркорлик субъекти аҳоли билан пулли ҳисоб-китобларни онлайн амалга ошираётгани ҳақида хабар берилганди.