Бухорода карантинда 2 149 та тадбиркорлик субъекти аҳоли билан пулли ҳисоб-китобларни онлайн амалга ошираётгани маълум қилинди

Бухорода ўтган йил якунлари бўйича йиллик тушуми 5 миллиард сўмдан ошган бўлса-да, онлайн назорат-касса машиналаридан фойдаланишга ўтмаган жами 12 та тадбиркорлик субъекти мавжуд. Бу ҳақида вилоят Давлат солиқ бошқармаси матбуот хизмати хабар берди.

Маълум қилинишича, Давлат солиқ хизмати органлари томонидан олиб борилган ўрганишларда ушбу корхоналарнинг пандемия таъсирига тушганлиги аниқланди ва зудлик билан уларга керакли ёрдамлар берилди. Бугунги кунда давлат солиқ органларининг «Солиқ идораси – тадбиркорга кўмакчи» тамойили асосида иш юритаётганликлари натижасида ушбу корхоналар ҳам тез кунларда онлайн назорат-касса машиналаридан фойдаланишга ўтади. Пировардида, вилоятда йил якунлари бўйича йиллик тушуми беш миллиард сўмдан ошган жами 208 та тадбиркорлик субъектларининг барчаси онлайн назорат-касса машиналари билан таъминланган бўлади.

«Маълумот ўрнида айтиш мумкинки, амалдаги тартибга мувофиқ Бухородаги алкоголь ва тамаки маҳсулотлари, дори-дармон, автомобилларга бензин, дизель ва газ ёнилғиси савдоси билан шуғулланувчи жами 1344 та тадбиркорлик субъектларининг барчаси йил бошидан онлайн назорат-касса машиналаридан фойдаланишга ўтган», дейилади хабарда.

Бундан ташқари, 2019 йил якунлари бўйича йиллик тушуми 100 миллион сўмдан ошган жами 597 та бошқа тадбиркорлик субъектлари ҳам аҳоли билан пулли ҳисоб-китобларни айнан онлайн назорат-касса машиналари ёрдамида амалга оширмоқдалар.

Тадбиркорларга 2021 йил 1 январгача онлайн назорат-касса машинасини харид қилиб, ўрнатиш билан боғлиқ харажатларини (базавий ҳисоблаш миқдорининг 10 бараваридан ошмаган ҳолда) кейинги солиқ тўлови ҳисобидан камайтириш ҳуқуқи берилади. Шунингдек, тадбиркорлик субъектига виртуал касса дастурий маҳсулотининг базавий қисми Давлат солиқ қўмитаси томонидан бепул берилади.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Бухоро тумани ҳокими ҳудуддаги фаолияти тўхтаб қолган тадбиркорлар муаммоларини ўрганган эди. Бундан ташқари, Бухорода қанча фуқаро ўзини ўзи банд қилганлиги маълум қилинганди.

Янгиликлар