Самарқандда умумий қиймати 1 трлн сўмдан кўпроқ бўлган 66 та лойиҳа амалга оширилади
Самарқанд шаҳрида умумий қиймати 1 триллион сўмдан кўпроқ бўлган 66 та лойиҳа амалга оширилади. Бу ҳақида шаҳар ҳокимлиги матбуот хизмати хабар берди.
Маълум қилинишича, Ўзбекистон Президентининг 2019 йил 11 январь куни Самарқанд вилоятига ташрифи давомида берган топшириқлари ва кенгайтирилган тарзда ўтказилган мажлис баёни, вилоят ҳокимининг тегишли қарори асосида ҳудудни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш дастурлари ишлаб чиқилган. Дастурда Самарқанд шаҳрида 2020-2022 йиллар давомида умумий қиймати 3 триллион 249 миллиард 204 миллион сўм бўлган 102 та устувор лойиҳалар амалга оширилиши ва 4 708 та янги иш ўринлари яратилиши белгиланган.
Қайд этилишича, 2020 йилда жами қиймати 1 триллион 117 миллиард 625 миллион сўмлик 66 та лойиҳа асосида 1 243 та янги иш ўрни яратилиши кўзда тутилган. Шундан саноат йўналишида қиймати 867 миллиард 119 миллион сўмлик 23 та лойиҳада 524 та, хизмат кўрсатиш йўналишида қиймати 223 миллиард 446 миллион сўмлик 41 та лойиҳада 711 та ҳамда қишлоқ хўжалиги йўналишида қиймати 17 миллиард 60 миллион сўмлик 2 та лойиҳада 8 та иш ўринлари ташкил этилиши режалаштирилган.
Маълумот учун, сўнгги 7 ойда 23 та лойиҳани амалга ошириш орқали жами 147 миллиард 335 миллион сўм, шундан тадбиркорларнинг ўз маблағлари ҳисобидан 72 миллиард 667 миллион сўм, тижорат банклари томонидан 28 миллиард 78 миллион сўм кредит ва хорижий кредитлар ҳисобидан 4,5 миллион доллар қийматидаги сармоя ўзлаштирилган. Жумладан, саноат соҳасида 8 та умумий қиймати 92,4 миллиард сўм бўлган лойиҳада 160 та, хизмат кўрсатиш соҳасида 12 та умумий қиймати 46,3 миллиард сўм бўлган лойиҳада 197 та ва қишлоқ хўжалиги соҳасида 3 та умумий қиймати 8,6 миллиард сўм бўлган лойиҳа асосида 45 та янги иш ўринлари яратилган.
Хабар берилишича, Ўзбекистон Президентининг 2020 йил 9 январдаги қарори билан тасдиқланган Инвестиция дастурига асосан шаҳарда 2020 йилда жами 10 та лойиҳа бўйича, шундан 6 таси тўғридан-тўғри хорижий инвестисиялардан, 64,5 миллион долларни ўзлаштириш режалаштирилган. Январь-май ойларида тўғридан-тўғри хорижий инвестисиялар ва хорижий молия институтлари кредитлари ҳисобидан 32,90 миллион доллар ўзлаштирилиши белгиланган, аммо 16,8 миллион доллар ўзлаштирилган.
Мисол учун, «Aziya metall prof» МЧЖ металл ўрамлар ишлаб чиқариш ва қайта ишлаш лойиҳаси билан дастурга кирган бўлиб, лойиҳанинг жами қиймати 48 миллион долларни ташкил қилаган. Шундан 2020 йилдаги режаси 20 миллион доллар. Ушбу йилда тадбиркорнинг ўз маблағи ҳисобидан қурилиш ишларига 1 миллион доллар сарфланган, асбоб-ускуналарни харид қилишда эса 3,5 миллион доллар тўғридан-тўғри хорижий инвестисия ўзлаштирилган.
Белгиланган режанинг ўз вақтида бажарилишини таъминлаш мақсадида «Parda Feyza Gilam» МЧЖ 1,8 миллион доллар, «Fresh oil» МЧЖ 2,7 миллион доллар, «Жасмина Карпет» 1,5 миллион доллар ҳамда «Улуғ сиймо қурилиш» 3,5 миллион доллар, «Reyhan plaza» МЧЖ 1,9 миллион доллар қўшимча инвестисия лойиҳаларини амалга ошириш белгиланган. Шунингдек, амалга оширилаётган инвестисия лойиҳалари бўйича «жадаллаштириш жадвали» ишлаб чиқилган бўлиб, инвестиция лойиҳаларининг асосий қисмини 2020 йилнинг IV чорагига қадар ўзлаштириш имконини берган.
Aввалроқ Самарқандда олти ой давомида қанча янги корхона ва ташкилотлар рўйхатга олингани маълум қилинган эди.