Халқ таълими тизимида 2020 йилда неча миллиард сўм камчиликлар аниқлангани маълум бўлди

Халқ таълими вазирлигида 2 декабрь куни бўлиб ўтган йиғилишда Ички аудит ва молиявий назорат хизмати томонидан тизимда салкам 70 миллиард сўмлик ўғирлик ва ўзлаштириш ҳолатлари аниқлангани айтилиб, 100 дан ортиқ масъулга чора кўриш топширилди. Бу ҳақда Халқ таълими вазирлиги ахборот хизмати хабар берди.

Фото: Халқ таълими вазирлиги ахборот хизмати

Таъкидланишича, 2019 йилдан бошлаб барча ҳудудий Ички аудит ва молиявий назорат хизмати аудиторлари вазирликнинг марказий аппарати таркибига ўтказилиб, уларнинг мустақиллиги таъминланган.

Мазкур йиғилишда вазирликнинг Ички аудит ва молиявий назорат хизмати томонидан амалга оширилган ўрганиш ишлари натижасида тизимдаги таълим муассасаларида иш ҳақидан ўғирлик, ўзлаштириш ва ортиқча тўловларга йўл қўйилганлик ҳолатлари муҳокама қилинган. Маълум бўлишича, тизимда ўтган 11 ой давомида жами 69,8 миллиард сўм иш ҳақидан ўғирлик, ўзлаштириш ва ортиқча тўловларга йўл қўйилганлик ҳолатлари аниқланган.

Бундан ташқари, ўтказилган ўрганиш натижалари бўйича:

  • 84,3 миллиард сўм иш ҳақи ва унга тенглаштирилган тўловлар бўйича бошқа ноқонуний харажатлар;
  • 38,7 миллиард сўм «Давлат харидлари тўғрисида»ги қонун талабларига зид равишда амалга оширилган харидлар;
  • 24,1 миллиард сўм хатлов натижасида аниқланган камчиликлар;
  • 3,9 миллиард сўм бошқа хато ва камчиликлар аниқланган.

Қайд этилишича, Андижон шаҳрида 20,4 миллиард сўм, Жиззах вилояти Зарбдор туманида 7,8 миллиард сўм ҳамда Қашқадарё вилоятининг Чироқчи туманида 4,2 миллиард сўм нақд пул маблағлари ҳисобланган иш ҳақига нисбатан ортиқча олиниб, кассага кирим қилинмаган ва ўзлаштириб юборилган.

Ўрганиш натижалари бўйича расмийлаштирилган 396 та ҳолат бўйича 149 миллиард сўмлик ҳужжатлар тўплами қонуний чора кўриш учун ҳуқуқни муҳофаза қилиш органларига тақдим этилган. Шу билан бирга амалга оширилган профилактика ишлари натижасида 135 миллиард сўмлик молиявий хато ва камчиликларнинг олди олинган ва бартараф этилган.

Аввалроқ Ўзбекистонда мансабдорлар коррупцияга оид жиноятлар оқибатида неча миллиард пул ўғирлагани ҳақида хабар берилганди. Шунингдек, Халқ таълими вазирлиги Андижонда асоссиз ўзлаштирилган 3 та мактаб ерини қайтариб олгани ҳақида хабар берилган.

Янгиликлар