Сенат педофиллар учун умрбод қамоқ жазосини назарда тутувчи қонунни маъқуллади

Қонун билан 14 ёшга тўлмаган болаларга нисбатан жинсий зўравонлик содир этганлик учун 25 йилгача озодликдан маҳрум қилиш ёки умрбод озодликдан маҳрум қилиш жазоси назарда тутилмоқда

Олий Мажлис Сенати болаларни зўравонликнинг барча шаклларидан ҳимоя қилиш тизимини такомиллаштиришга қаратилган қонунни маъқуллади. Бу ҳақда парламент юқори палатаси матбуот хизмати хабар бермоқда.

Қонун билан Жиноят, Жиноят-процессуал, Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги, Жиноят-ижроия ва Меҳнат кодексига ҳамда бир қатор қонунларга принципиал ва қатъий ўзгартиришлар киритилмоқда.

Хусусан, 14 ёшга тўлмаган болаларга нисбатан жинсий зўравонлик содир этган шахслар учун узоқ муддатга –25 йилгача озодликдан маҳрум қилиш ёки умрбод озодликдан маҳрум қилиш жазоси жорий этилмоқда.

Ушбу тоифадаги жиноятлар бўйича жавобгарликка тортиш ва ҳукмни ижро этиш муддати ўтиб кетганлиги қўлланилмайди, шунингдек, боланинг ўлимига сабаб бўлган қасддан жиноят содир этган шахсга нисбатан шартли ҳукм қилиш ва муддатидан илгари шартли озод қилиш тақиқланади.

Суд ва тергов жараёнларида болаларни қайта руҳий жароҳатланишдан ҳимоя қилиш мақсадида зўравонликдан жабрланган вояга етмаганларни сўроқ қилиш жараёнини видеоёзув орқали қайд этиш, жабрланувчи бола ва айбланувчи ўртасидаги юзлаштиришни фақат суриштирувчи, терговчи ёки прокурорнинг қарори ёхуд суднинг ажрими билан ўтказиш ҳамда болага процессуал жараён бошиданоқ давлат ҳисобидан бепул адвокат ажратиш тизими йўлга қўйилмоқда.

Шунингдек, таълим ва тарбия муассасалари ходимлари томонидан болага нисбатан зўравонлик содир этилганда, улар билан меҳнат шартномасини бекор қилиш асоси киритилмоқда.

Ота-оналарнинг болаларга ғамхўрлик кўрсатмаслиги, шаҳвоний шилқимлик, никоҳ ёшини бузиш ҳамда болаларни соғлиғига зарар етказувчи ахборотдан ҳимоя қилмаганлик учун маъмурий жазолар кескин кучайтирилмоқда.

Муҳокама якунида Сенат аъзолари Қонунни маъқуллади.

Ўзбекистон