Ўзбекистонда ўрта таълим тизимида «сифат индекси» жорий этилади
Президент Шавкат Мирзиёевнинг сўзларига кўра, мактаблар педагогик жамоанинг салоҳияти, шунингдек, ўқувчиларнинг таълим ва тарбиядаги натижалари ҳисобга олинган ҳолда тоифаларга ажратилади

Президент Шавкат Мирзиёев ўрта таълим тизимида «сифат индекси» жорий этилишини маълум қилди. Бу ҳақда у «Янги Ўзбекистон» университетида ўқитувчи ва мураббийлар билан ўтказилган учрашувда таъкидлаб ўтди.
Жумладан, бошланғич синф ўқувчилари учун ҳам фан олимпиадалари йўлга қўйилади. Келаси йилдан 4-синфлар олимпиадасининг туман босқичида ғолиб бўлган болалар компьютер олади.
Уларнинг устозларига туман босқичи учун 10 миллион, вилоят учун 50 миллион, республика учун 100 миллион сўм мукофот берилади.
Янги ўқув йилидан 100 та мактабнинг биттадан синфида математика, информатика ва табиий фанлар тўлиқ инглиз тилида ўқитилади. Лойиҳага жалб этилган ўқитувчилар ҳамда мактабга тайёрлов гуруҳи педагогларининг маошига 100 фоиз устама қўшилади.
Энди ўрта таълимда «сифат индекси» жорий этилади, — деди Президент.
Мактаблар педагогик жамоанинг салоҳияти ҳамда ўқувчиларнинг таълим ва тарбиядаги натижаларига қараб тоифаларга ажратилади.
Илғор мактаб бошқа мактабларга ўз тажрибасини ўргатиб, уларни юқори тоифага олиб чиқса, унинг педагогик жамоаси 30 фоиз устама олади.





