Тошкентда фирибгарлик билан шуғулланган «кибербункер» фош этилди

Дастлабки маълумотларга кўра, гумонланувчилар 110 дан ортиқ фуқаронинг 300 млн сўмдан зиёд пул маблағларини ноқонуний равишда эгаллаб олишган

Тошкент шаҳрининг Шайхонтоҳур туманида кўп қаватли уйнинг тўртинчи қаватида ташкил этилган фирибгарлик колл-маркази фаолиятига чек қўйилди. Бу ҳақда Тошкент вилояти ИИББ матбуот хизмати хабар берди.

Хусусан, ўтказилган навбатдаги тезкор-қидирув тадбири давомида, Шайхонтоҳур туманида жойлашган кўп қаватли уйнинг 4-қаватида ноқонуний колл-марказ – «кибербункер» фаолияти фош этилган.

Аниқланишича, Фарғона вилоятида яшовчи, 2005 йилда туғилган, муқаддам судланмаган шахс (Д.Х.) ва унинг шериклари фуқароларга қўнғироқ қилиб, уларнинг гўёки Uzum Market савдо иловасининг «компания акцияси» ғолиби бўлгани ҳақида ёлғон маълумотлар берган.

Улар совға учун тўлов, фуқарога ажратилган кредит ёки микроқарз лимити ҳисобидан вақтинча «АЛВИОН», «МЕГА TECNO» ва «МЕГА SHOP» ўтказилишини, кейинчалик эса «компания акцияси» да ютиб олинган маиший техникани етказиб берилишини ваъда қилиб, жабрланувчилардан маблағлар ўтказилишига эришган.

Шу билан бирга, гуруҳ аъзолари савдо платформасида ўзларини гўёки маҳсулот етказиб берувчи сифатида рўйхатдан ўтказган. Маҳсулот етказиб беришни талаб қилган ёки «устингиздан шикоят қиламан» дея норозилик билдирган айрим харидорларга атайлаб жуда арзон, сифатсиз ёки буюртмага мутлақо мос келмайдиган маҳсулотлар юборган.

Бу йўл билан жабрланувчиларнинг эътибори чалғитилиб, ажратилган кредит ёки микроқарз лимитларини тўлиқ ўзлаштиришга эришилган. Маблағлар ўтказиб бўлингач, кўп ҳолларда жабрланувчилар билан алоқа бутунлай узиб қўйилган.

Текширувлар давомида ташкил этилган «кибербункер»да  5 нафар оператор фаолият юритгани, улар ижтимоий тармоқлардаги сохта онлайн дўконлар номидан юзлаб фуқароларга қўнғироқ қилиб, дастлабки терговга қадар 110 нафардан ортиқ фуқаронинг 300 млн сўмдан ортиқ маблағларини ноқонуний йўл билан ўзлаштиргани аниқланди, — дейилади хабарда.

Тезкор тадбир давомида 10 та компьютер жамланмаси, 8 та мобил телефонлар, 150 варақдан иборат шахсларнинг шахсга доир маълумотлари ва «Uzun Nasiya» иловасидан ажратилган лимитлар жадваллари, 2 та дафтарлар ашёвий далил сифатида расмийлаштириб олинган.

Ҳозирда гуруҳ аъзоларининг республиканинг бошқа ҳудудларидаги фирибгарлик ҳолатларига алоқадорлигини, шунингдек, фуқароларга етказилган моддий зарарни аниқлаш ва қоплаш юзасидан дастлабки тергов ҳамда тезкор-суриштирув ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Ўзбекистон