«Бизда 2-3 нафар шахматчи эмас, балки бутун бир кучли авлод бор», — Президент
Давлат раҳбари шахматчиларни 46-Бутунжаҳон шахмат олимпиадасидаги тарихий ғалаба билан яна бир бор табриклади

Президент Шавкат Мирзиёев шахмат ва парашахмат бўйича Ўзбекистон терма жамоалари аъзолари ҳамда уларнинг яқинлари билан учрашув ўтказмоқда.
Самарқанддаги Олимпиада оддий спорт мусобақаси бўлмагани таъкидланди. Унда 200 дан ортиқ мамлакатдан қарийб 2 минг шахматчи, жумладан, кучли гроссмейстерлар ва амалдаги чемпионлар жам бўлди.
Шундай улкан рақобат ичида Ўзбекистон байроғини энг баландга кўтариш бу ҳақиқий жасорат, катта ақл-заковат ва мустаҳкам ирода намунасидир, – деди давлат раҳбари.
Таъкидланишича, Олимпиадани бевосита кузатиш учун Самарқандга 60 мингдан ортиқ меҳмон келган, ҳудудлардаги фан-зоналарда қарийб 500 минг мухлис, телеэкран ва интернет орқали эса миллионлаб ватандошлар ўйинларни кузатган.

Президент ўзи ҳам ҳал қилувчи партияларни катта қизиқиш билан кўрганини билдирди.
Баъзи партияларда сизлар нафақат рақибларни, балки бизни ҳам кучли ҳаяжонда ушлаб турдингизлар, – деди Мирзиёев.
Хусусан, Ҳиндистон устидан ғалабадан сўнг Ўзбекистон якка пешқадамга айлангани таъкидланди. Кейин шахматчилар Хитой жамоасини 3:1 ҳисобида мағлуб этиб, жаҳон рейтинги етакчиси ва олти карра Олимпиада чемпиони бўлган АҚШ терма жамоасидан ҳам устун келди.
Бизда 2-3 нафар шахматчи эмас, балки бутун бошли кучли авлод бор десак, бу ҳам ҳақиқат, — деди президент.

Президент шахмат ва парашахмат олимпиадаларининг ғолиб ва совриндорлари ҳамда уларнинг мураббийларини рағбатлантириш бўйича қарор қабул қилганини маълум қилди.
Унга мувофиқ, чемпионлар Нодирбек Абдусатторов, Жавоҳир Синдоров, Нодирбек Ёқуббоев, Муҳиддин Мадаминов ва Шамсиддин Воҳидов уй-жой ва автомобил билан тақдирланади.
Парашахматчилар Аҳадхон Кимсанбоев, Марсел Шоюсупов, Сардорбек Мамаражабов, Селби Какишова ва Сирожиддин Зайниддиновга ҳам уй-жой ва автомобил берилади. Терма жамоалар бош мураббийлари Рустам Қосимжонов ва Самандар Шермухаммадов автомобил билан мукофотланади.
Олимпиада чемпиони бўлган ҳар бир шахматчи 200 минг доллар, уларнинг мураббийлари 50 минг доллар миқдорида пул мукофоти олади. Бронза медалини қўлга киритган ҳар бир парашахматчига 50 минг доллар, уларнинг мураббийларига 12 минг 500 доллардан берилади.
Шахматчи ва парашахматчиларимиз бугуннинг ўзида янги машиналарини ҳайдаб, янги уйларига кириб боришади, – деди давлатимиз раҳбари.





