Шавкат Мирзиёев «Янги Ўзбекистон» университетига ташриф буюрди
Давлат раҳбари дастлаб мамлакатда таълимнинг узвийлигини таъминлаш борасидаги ишлар, эришилган натижалар ва келгуси режалар тақдимотини кўздан кечирди

Президент Шавкат Мирзиёев Ўқитувчи ва мураббийлар куни арафасида «Янги Ўзбекистон» университетига ташриф буюриб, таълим соҳасидаги ислоҳотлар ва келгусидаги режаларга бағишланган кўргазма билан танишди.
Давлат раҳбари дастлаб мамлакатда таълимнинг узвийлигини таъминлаш борасидаги ишлар, эришилган натижалар ва келгуси режалар тақдимотини кўздан кечирди. «Мактабгача таълим», «Мактаб таълими», «Иқтидорли мактаб ўқувчилари» , «Профессионал таълим» ва «Олий таълим» павильонларида боланинг илк ёшидан касб эгаллашига қадар бўлган таълим босқичларидаги ислоҳотлар намойиш этилган.

Мамлакат етакчиси университетнинг ўқув ва илмий инфратузилмаси билан танишди. «Келажак муҳандислари» майдони, Bloomberg лабораторияси, физика ўқув лабораторияси, муҳандислик фанлари ўқув зали ва Apple Training Center ўқув марказида талабалар учун яратилган имкониятлар ҳақида ахборот берилди.
Шунингдек, Idrock сунъий интеллект кластери, биотехнология ва биоинформатика лабораторияси, материалшунослик, лазер ва нанотехнологиялар ҳамда ADM машинасозлик лабораторияларининг фаолияти намойиш этилди. Бу майдонлар талабаларнинг назарий билимини амалий машғулотлар, тадқиқот ва лойиҳалар билан боғлашга хизмат қилади.
Давлат раҳбари университетнинг профессор-ўқитувчилари ва талабалари, халқаро таълим дастурларини жорий этиш бўйича хорижлик ҳамкорлари билан суҳбатлашди.
Ташриф давомида президент мамлакатнинг фаол ва ташаббускор ўқитувчи ҳамда мураббийлари билан эсдалик учун суратга тушди.






