Ўзбекистонда ишлайдиган оналарнинг фарзандлари боғча харажатлари давлат бюджетидан қопланади
Ушбу чора келгуси йилдан кучга киради ва у икки ёшдан уч ёшгача бўлган болаларга нисбатан татбиқ этилади

Президент Шавкат Мирзиёев «Янги Ўзбекистон» университетида ўқитувчи ва мураббийлар билан учрашувда ёш болаларни тарбиялаётган ишлайдиган аёлларни қўллаб-қувватлаш бўйича янги чорани эълон қилди.
Аёллар ишли бўлса, оилага қўшимча даромад киради, болаларнинг билим олишига кўпроқ шароит яратилади, – деди президент.
Шу боис, келаси йил 1-январдан 2-3 ёшли фарзандини оилавий боғчага берган ишли оналарнинг бадал пули бюджет ҳисобидан қопланади.
Боғча тарбиячиларига ишлаб туриб олий маълумот олиш имкони яратилган. Жорий йил уларнинг 7 минг нафари олийгоҳга кирди: ҳафтада беш кун ишлаб, бир кун ўқимоқда.
Келаси ўқув йилидан тарбиячилар учун педагогика олийгоҳларидаги ўқиш муддати тўрт йилдан уч йилга қисқаради.
Шунингдек, боғчада камида беш йил ишлаган тарбиячи ёрдамчилари ҳам бу имкониятдан фойдаланиши мумкин.





