Ўзбекистонда юқори малакали кадрларни тайёрлашда «корхона – олийгоҳ – мақсадли кадр» тамойили жорий этилади
2027/2028 ўқув йилидан бошлаб олий таълим муассасаларида корхона-иш берувчиларнинг буюртманомалари асосида ҳамда битирувчини кейинчалик ишга жойлаштириш шарти билан дуал таълим шаклида кадрлар тайёрлаш тизими жорий этилади

Ўзбекистонда юқори малакали кадрларни тайёрлашда «корхона — олийгоҳ — мақсадли кадр» тамойили жорий этилади, деб хабар беради Адлия вазирлиги президент фармонига таяниб.
«Олий таълимда дуал таълим шаклида кадрлар тайёрлаш тизимини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги президент Фармони қабул қилинди.
Фармонга кўра, 2027/2028 ўқув йилидан ОТМларда иш берувчи корхоналарнинг буюртмалари асосида ва битирувчини ишга қабул қилиш шарти билан дуал таълим шаклида кадрлар тайёрлашнинг тизими жорий этилади.
Бунда:
• дуал таълим шаклига қабул амалга ошириладиган бакалавриат таълим йўналишлари ҳамда қабул параметрлари Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги билан келишилган ҳолда ОТМ томонидан белгиланади;
• дуал таълим шаклига қабул иш берувчи корхона буюртмасига мувофиқ тўлов-контракт асосида ҳар йили 1 октябрга қадар амалга оширилади.
Дуал таълим ОТМ, корхона ва талаба ўртасида тузиладиган шартномага асосан ташкил этилади:
• корхона зиммасига талабага ўқиш даври давомида меҳнатга ҳақ тўлашнинг энг кам миқдоридан кам бўлмаган миқдорда ойлик иш ҳақи тўлаш;
• талабанинг зиммасига битиргандан сўнг камида 2 йил мазкур корхонада ишлаб бериш мажбуриятлари юкланади.





