Туркияда одам савдоси учун халқаро қидирувда бўлган ўзбекистонлик аёл қўлга олинди

Аёл қизларга юқори маошли иш ваъда қилиб, уларни Туркияга олиб кетиб турган. У қизларнинг паспортларини олиб қўйиб, уларни эксплуатация қилган

Туркияда одам савдосида гумонланиб, халқаро қидирувда бўлган Ўзбекистон фуқароси қўлга олинди. Бу ҳақда мамлакатимизнинг Истанбулдаги Бош консулхонаси матбуот хизмати хабар бермоқда.

Таъкидланишича, одам савдоси жиноятини содир этганликда айбланиб, узоқ вақтдан буён халқаро қидирувда бўлган Ўзбекистон фуқароси, 1981-йилда туғилган Н.Э. Туркия ҳуқуқ-тартибот идоралари билан ҳамкорликда ўтказилган тезкор-қидирув тадбирлари давомида Истанбул шаҳрида аниқланиб, қўлга олинган.

Хусусан, гумонланувчи Н.Э. Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 135-моддаси (Одам савдоси) 3-қисми билан айбланиб, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар томонидан қидирилаётган эди. У ёш қизларни юқори маошли иш ваъдалари билан алдаб, Туркияга олиб келиш ва бу ерда уларнинг паспортларини олиб қўйган ҳолда эксплуатация қилиш билан шуғулланганликда гумон қилинмоқда.

Мазкур шахс белгиланган тартибда Ўзбекистон Республикасининг ваколатли органларига топширилган. Ҳозирда унга нисбатан тегишли тергов ва процессуал ҳаракатлар давом эттирилмоқда.

Ўзбекистон