Ўзбекистонда сўнгги икки йилда мансабдор шахслар давлатга қанча зарар етказгани маълум бўлди

Ўзбекистонда 2019—2020 йилларда 1986 нафар мансабдор шахс ноқонуний хатти-ҳаракати билан давлатга 2 триллион сўм зарар етказган ва коррупцияга оид жиноятлари учун жиноий жавобгарликка тортилган. Бу ҳақда Шавкат Мирзиёевнинг Конституциянинг 28 йиллиги муносабати билан Ўзбекистон халқига йўллаган байрам табригида айтилди.

Фото: «Tez News»

Таъкидланишича, аҳоли муаммоларини ўрганиш натижасида 2,5 миллиондан зиёд аъзоси бўлган 590 мингдан ортиқ оилани қўллаб-қувватлаш учун 840 миллиард сўм маблағ ажратилган. Хусусан, ҳар бир хонадондаги аёллар ва ёшларнинг эҳтиёжи, ҳаётий муаммолари аниқланиб, 300 мингга яқин оиланинг меҳнатга лаёқатли аъзолари иш билан таъминланган.

«Тараққиёт кушандаси бўлган коррупциянинг олдини олиш ва унга қарши курашишнинг таъсирчан механизмларини ишлаб чиқиш ва амалга ошириш лозим. Сўнгги икки йилда ноқонуний хатти-ҳаракати билан давлатга 2 триллион сўм зарар етказган 1986 нафар мансабдор шахс коррупцияга оид жиноятлари учун жиноий жавобгарликка тортилгани бу масала нақадар долзарб эканини кўрсатади», — дея таъкидлади Президент.

Маълум қилинишича, мазкур йўналишдаги ишларни тизимли ва комплекс давом эттириш учун 2021—2025 йилларга мўлжалланган Коррупцияга қарши курашиш миллий стратегияси устида иш олиб борилмоқда.

«Шу ўринда яна бир бор таъкидлаб айтаман: бу масала биз учун ўта муҳим ва устувор вазифа бўлиб қолади. Чунки коррупция — бу давлатимизни ич-ичидан емириб, миллий хавфсизлигимизга рахна соладиган ғоят хатарли таҳдид ва унга қарши муросасиз кураш олиб бориш — барчамизнинг бурчимиздир», — деди Шавкат Мирзиёев.

Аввалроқ Халқ таълими тизимида 2020 йилда неча миллиард сўм камчиликлар аниқлангани маълум бўлгани ҳақида хабар берилганди. Шунингдек, Қашқадарёда ичимлик суви тизимини яхшилаш учун ажратилган 23 миллиард сўм маблағ беҳуда сарфлангани аниқлангани ҳақида хабар берилган.