Қашқадарёда ичимлик суви тизимини яхшилаш учун ажратилган қанча маблағ беҳуда сарфлангани маълум бўлди

Қашқадарёда ичимлик суви тизимини яхшилаш учун ажратилган 23 миллиард сўм маблағ беҳуда сарфлангани аниқланди. Бу ҳақда вилоят ҳокимлиги матбуот хизмати «Tez News»га хабар қилди.

Фото: Қашқадарё вилояти ҳокимлиги матбуот хизмати

Маълум қилинишича, 23 ноябрь, сешанба куни Қашқадарё вилоят ҳокимлигида Коррупцияга қарши курашиш агентлиги директори Акмал Бурхонов ва ҳисоб палатаси раиси ўринбосари Саидлазиз Саидкаримов иштирокида ўтказилган. Унда давлат бюджети маблағларининг маҳаллий давлат ҳокимияти ва бошқарув идоралари томонидан ноқонуний сарфланишининг олдини олиш бўйича Қашқадарё вилоятида ўтказилган ўрганиш натижалари муҳокама этилган. Йиғилишда бир қатор ташкилот ва муассасаларнинг аниқланган коррупцион ҳолатлари бўйича маълумотлар берилган.

Унга кўра, 2018, 2019 ва 2020 йилнинг шу даврига нисбатан ичимлик суви учун ажратилган 23 миллиард сўм маблағ самарасиз сарфланган. Ҳисоб палатаси раисининг ўринбосари Саидлазиз Саидкаримовнинг айтишича, бунинг оқибатида 10 та ҳудудга ҳалигача ичимлик суви етиб бормаган. Аммо улардаги объектлар фойдаланишга топширилган.

Фото: Қашқадарё вилояти ҳокимлиги матбуот хизмати

Аниқланишича, энг кўп 7,2 миллиард сўм маблағ Шаҳрисабз туманидаги ВУ-2 ишлаб чиқариш иншоотини бино ва иншоотларини реконструкция қилиш объекти учун ажратилган. Аммо ўрганилганда сув насослари яроқсиз ва ишламаслиги маълум бўлган. Вилоятнинг Нишон, Касби, Косон, Муборак туманларига ҳам ажратилган маблағлар эвазига «тайинли иш» қилинмаган. Оқибатда мазкур ҳудудларда ичимлик суви билан боғлиқ муаммолар ҳали ҳам ечилмай келмоқда.

Маълумот ўрнида, Президент 13 ноябрь, жума куни Қашқадарё вилоятини комплекс ривожлантириш масалалари муҳокама қилинган йиғилишда канализация тизимини яхшилаш, ичимлик суви тармоқлари қуриш масалаларига алоҳида эътибор қаратиш бўйича мутасаддиларга топшириқ берган. Вилоятда марказлашган ичимлик суви билан таъминланиш даражасини 79 фоизга, хусусан, бу борада вазият оғир бўлган Ғузор туманида 50 фоизга етказиш вазифаси қўйилган.

Аввалроқ Қашқадарё ҳокими Зоир Мирзаев ҳеч бир вилоятда бўлмаган маблағ Қашқадарёни ривожлантириш учун ажратилишини маълум қилганди.

Янгиликлар