Президент топшириғидан сўнг Қашқадарёда ичимлик суви ва канализация тизими қандай яхшиланади? Мутасадди жавоб берди

Қашқадарё вилоятининг канализация тизимидаги муаммолар, уларни бартараф этиш режалари, шунингдек, Президентнинг вилоятга ташрифидан сўнг ҳудуддаги ичимлик суви танқислиги муаммоси қандай режа ва дастурлар асосида ҳал этилиши хусусида «Ўзсувтаъминот» АЖ раиси Соҳиб Саифназаров «Tez News» мухбири Шоҳруҳ Ҳайдаровга интервью берди.

Фото: «Tez News»

«Қашқадарё вилоятининг 3 та шаҳри — Қарши, Шаҳрисбаз, Китобда канализация бор эди. Ҳаммаси — 60—70 йилларда қурилган, жуда ҳам эскирган система. Қарши шаҳрининг канализация тизимини яхшилаш бўйича Европа тараққиёт банкидан 76 миллион доллар кредит оляпмиз. Шаҳрисабз ва Китоб тумани бўйича ҳам техник-иқтисодий асос тайёр бўлган. У Франция тараққиёт агентлигидан олинадиган 100 миллион долларлик лойиҳа асосида амалга оширилади», — дейди АЖ раиси Соҳиб Саифназаров.

Мутахассиснинг сўзларига кўра, юқоридаги лойиҳалар 2021 йилда амалга оширилади ва 2022 йил якунигача вазият анча яхшиланади.

«Шу билан бирга, Қашқадарё вилоятида яна 2 та лойиҳа амалга оширилиши кўзда тутилган. Улар Косон—Муборак, Ғузор—Деҳқонобод туманлари канализация ва ичимлик суви тизмини ривожлантиришга қаратилган», — деди Соҳиб Саифназаров.

Президент 13 ноябрь, жума куни Қашқадарё вилоятини комплекс ривожлантириш масалалари муҳокама қилинган йиғилишда канализация тизимини яхшилаш, ичимлик суви тармоқлари қуриш масалаларига алоҳида эътибор қаратиш бўйича мутасаддиларга топшириқ берган. Вилоятда марказлашган ичимлик суви билан таъминланиш даражасини 79 фоизга, хусусан, бу борада вазият оғир бўлган Ғузор туманида 50 фоизга етказиш вазифаси қўйилган.

«Tez News» мухбири «Ўзсувтаъминот» АЖ раиси Соҳиб Саифназаровдан Президент ташрифидан сўнг ҳуддадаги ичимлик суви танқислиги муаммоси қандай режа ва дастурлар асосида ҳал этилишини сўраган.

Фото: «Tez News»

«Деҳқонобод тумани бўйича Президент ташаббуси билан катта лойиҳа амалга ошириляпти. Унда 77 километр тепаликдан пастга тоза ичимлик суви олиб тушилади. Жараён жуда ҳам қийин. 2020 йил якуни бўйича ана шу сув 4 та қишлоққа етиб боради ва 2021 йил якунида Деҳқонободнинг 116 минг аҳолиси тоза ичимлик суви билан таъминланади.

Шунингдек, Ғузор туманини камида 50 фоиз ичимлик суви билан таъминлаш топшириғи ҳам берилди. Туманнинг тепалик қисмларида сув манбаси бор, у аввалдан ишлайди. 28 та насос суткасига 30 минг куб сув таъминлаб беролади. Лекин ҳозирги кунда бу сувларнинг ҳаммаси йўлда йўқолиб қоляпти. Қўп жойда маҳаллий аҳоли қувурларни тешиб, тизимга ноқонуний уланиб олган ёки қўй-молларига ўша ердан сув беради. Натижада сув Ғузор марказигача етиб бормайди. Ҳозирда марказга 3 та мусакда 15 километрдан сув ташиб олиб келинади. Янги лойиҳани амалга оширсак, Ғузор маркази тўлиқ сув билан таъминланади», — деб таъкидлайди Соҳиб Саифназаров.

Унинг айтишича, олиб борилган ҳисоб-китоблар бўйича, мана шу ишлардан сўнг вилоятнинг ичимлик суви билан таъминланганлик кўрсаткичи 2021 йилда 65—70 фоизга кўтарилади. Шунингдек, у Президентдан яна бир қанча топшириқлар олинганлиги, яна дастур ишлаб чиқилиб, кўрсаткич камида 79—80 фоизга етказилишини таъқидлаган.

Аввалроқ тошкентликлар кўп қаватли уйларнинг еттинчи қаватигача каламуш ва сичқонлар канализация орқали кириб бораётганидан шикоят қилганди. Мазкур ҳолат юзасидан «Теz News» мухбири Санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги хизмати бошлиғининг ўринбосари Нурмат Отабеков билан боғланганда мутасадди ҳолатга муносабат билдирмаган. Сўнгра мухбир Санитария ва эпидемиология осойишталик маркази билан боғланишга ҳаракат қилган. Аммо тақдим этилган телефон рақамига марказ ходимлари жавоб бермаган.

Янгиликлар