Ўзбекистонда коррупциявий хавф-хатар юқори бўлган соҳалар маълум қилинди
Коррупцияга қарши курашиш агентлиги директори Акмал Бурҳонов Ўзбекистондаги қайси соҳаларда коррупциявий хавф-хатар юқори эканини маълум қилди. Бу ҳақда «Kun.uz» хабар қилди.
Хабарга кўра, ҳозирда тадқиқотлар ўтказилиб, ҳар бир соҳадаги коррупция занжири, қайси соҳаларда энг кўп коррупция хавфи мавжудлиги ўрганилмоқда. Шунингдек, Aкмал Бурҳонов ижтимоий соҳада коррупциявий хавф-хатар юқори экналигини таъкидлаган.
«Ҳозир биз тадқиқотлар ўтказяпмиз. Яъни ҳар бир соҳадаги коррупция занжирини, қайси соҳаларда энг кўп коррупция хавфи мавжудлигини ўрганяпмиз. Aлбатта, ижтимоий соҳада коррупциявий хавф-хатарлар энг кўплигини кўряпмиз», – дейди у.
Мавзуга доир: Акмал Бурҳонов Мансабдорларнинг хорижда мол-мулк орттиришини тартибга солиш кераклигини айтди
Маълум қилинишича, қайси соҳада ишлайдиганларнинг ойликлари кам бўлса, ўша соҳада коррупцион хавф-хатарлар кўпроқ учрамоқда:
«Aфсуски, у ёки бу соҳада ишлайдиганларнинг ойликлари кам бўлса, ўша ерда коррупцион хавф-хатарлар кўпроқ учрамоқда. Умуман, соҳалар танлаб олинган. Бу — доим айтиб келинадиган таълим, соғлиқни сақлаш, қурилиш ва пандемия даврида энг кўп коррупсия аломатлари кузатилган давлат харидлари соҳаларидир».
Таъкидланишича, Олий Мажлис Қонунчилик палатасида амалдаги қонун ҳужжатларига давлат харидлари тўғрисидаги қонунчиликни бузганлик учун маъмурий жавобгарлик масаласи киритилган.
«Биз бу муаммоларни ўрганяпмиз. Куни кеча Олий Мажлис Қонунчилик палатасида амалдаги қонун ҳужжатларига давлат харидлари тўғрисидаги қонунчиликни бузганлик учун жавобгарлик масаласи киритилди, қонун лойиҳаси депутатлар томонидан биринчи ўқишда қабул қилинди.
Ҳозирча фақат маъмурий жавобгарлик масаласи киритилмоқда. Биз энди давлат харидлари соҳасидаги қонунчиликни бузганлик учун жиноий жавобгарликка тортиш масаласини ҳам қонунчиликка киритиш, умуман, бу борадаги қонунчиликни такомиллаштириш устида ишлаяпмиз», — дейди Коррупцияга қарши кураш агентлиги директори.
Мавзуга доир: Ўзбекистонда коррупцияга энг кўп дуч келадиган давлат хизматчиларининг рўйхати тузилади
Аввалроқ Акмал Бурҳонов Президентдан тортиб барча давлат хизматчиларининг мол-мулки босқичма-босқич декларация қилиниши ҳақида айтган эди. Шунингдек, Ўзбекистонда раҳбарлар хизмат машинасидан қандай мақсадда фойдаланиши назорат қилиниши маълум қилинган.