Ўзбекистонда раҳбарлар хизмат машинасидан қандай мақсадда фойдаланиши назорат қилинади

Коррупцияга қарши курашиш агентлиги директори Акмал Бурҳонов ҳокимларнинг хизмат автомобиллари олиши ва ундан фойдаланишига муносабат билдирди. Бу ҳақда «Газета.uz» хабар берди.

Фото: «Газета.uz»

Таъкидланишича, мансабдор шахсларнинг давлат ҳисобидан қиммат автотранспортлар харид қилишининг олдини олиш мақсадида Президент қарори лойиҳаси ишлаб чиқилди. Эндиликда давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари раҳбарларига хизмат авторанспортлар классига қараб бириктириш белгиланиб, чекловлар қўйилади.

«Афсуски, айрим мансабдорлар пандемия шароитида давлат маблағларининг самарали сарфланиши муҳим эканлигини тўла англаб етмаяпти. Ижтимоий тармоқларда қизғин муҳокама бўлаётган қиммат нархлардаги хизмат автотранспортларини харид қилиш бунга яққол мисол бўла олади», — деб ёзади агентлик директори.

Қайд этилишича, Президентнинг «Давлат ҳокимияти ва бошқаруви органларида хизмат автотранспортларидан фойдаланиш тизимини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарори лойиҳасида айнан мана шу каби ҳолатларнинг олдини олиш режалаштирилмоқда. Лойиҳага кўра, давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари раҳбар ходимларига хизмат авторанспортларини классига қараб бириктириш нормативлари (энг юқори нархлари) белгиланади.

Жумладан, туман, шаҳар ҳокимларига бириктириладиган хизмат автотранспорти нархи БҲМнинг 1200 баравари (267 миллион 600 минг сўм)дан ошмаслиги, давлат ҳокимияти ва бошқаруви органларининг Қорақалпоғистон, вилоятлар, Тошкент шаҳар бўлинмалари раҳбарлари хизмат автомашинаси нархи эса БҲМнинг 700 баравари (156 миллион 100 минг сўм)дан ошмаслиги керак бўлади.

Давлат ташкилотларида фойдаланишда мавжуд бўлган хизмат авторанспортлари хатловдан ўтказилади ва белгиланган нормативлардан ортиқча бўлган хизмат автотранспортлари «E-ijro auksion» орқали аукцион савдоларда сотилиши таъминланади. Хизмат авторанспортларини сотишдан тушган маблағлар эса тегишлича республика бюжетига ва Қорақалпоғистон Республикаси бюджети, вилоятлар ва Тошкент шаҳар маҳаллий бюджетларига йўналтирилади.

Давлат ҳокимияти ва бошқаруви органларида хизмат автотранспортларини янгисига алмаштириш ундан камида 5 йил фойдаланилгандан сўнг амалга оширилади. Бунда автотранспортнинг техник ҳолати, ундан фойдаланиш хавфсизлиги, шунингдек, янгисига алмаштиришнинг иқтисодий мақсади инобатга олиниши лозим бўлади.

Бундан ташқари, хизмат автотранспортларидан фақат хизмат мақсадларида фойдаланилиши жамоатчилик томонидан назорат қилинади ҳамда хизматдан ташқари мақсадларда фойдаланиш ҳолатлари аниқланганда, Коррупцияга қарши курашиш агентлигининг махсус веб-порталига, шунингдек, махсус мобиль дастурий таъминотга фото ва видео материалларни жойлаштириш орқали хабардор қилинади.

 «Ўйлайманки, мазкур ҳужжатнинг қабул қилиниши бугунги кун учун жуда долзарб масалага айланган — бюджет маблағларининг мақсадли сарфланиши, унинг устидан жамоатчилик назоратининг ўрнатилишига хизмат қилади», — дея фикр билдирган Акмал Бурҳонов.

Аввалроқ Қўшработ ва Нарпай ҳокимлари салкам 400 миллион сўмга хизмат автомобиллари харид қилгани ҳақида хабар берилганди.

Янгиликлар