Акмал Бурҳонов Мансабдорларнинг хорижда мол-мулк орттиришини тартибга солиш кераклигини айтди
Коррупцияга қарши курашиш агентлиги директори Акмал Бурҳонов Мансабдорларнинг хорижда мол-мулк орттиришини тартибга солиш кераклигини айтди. Бу ҳақда «Kun.uz» хабар берди.
Маълум қилинишича, айни пайтда «Э-антикор» платформаси устида иш олиб борилмоқда.
«Шу платформада коррупцион жиноятларга қўл уриб, жавобгарликка тортилган шахсларни ҳар бир соҳа кесимида очиқлашни режалаштирганмиз. Ҳар олти ойда ёки муайян даврий оралиқда бу маълумотларни интернетга жойлаб борамиз. Бунинг вақти келди ва энг асосийси, вазирлик ва идораларнинг ўзлари ҳам бунга — соҳаларини тозалашга тайёр.
У ёки бу давлат идорасида битта коррупцион хатти-ҳаракат бўлса, бутун тизим нуфузига путур етишини раҳбарлар тушуниб етишди. Бугунги кунда коррупциявий хатар юқори бўлган соҳаларнинг раҳбарияти ҳам, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идоралар ҳам мана шундай жиноятга қўл урганларни очиқ-ойдин кўрсатишга тайёрлигини билдиряпти», — дейди Акмал Бурҳонов.
Шунингдек у давлат амалдорларининг хорижда активлар сотиб олишини тартибга солиш вақти келди, деб баёнот берган.
«Ноқонуний бойлик орттириш ёки мансабдор шахсларнинг чет элларда мол-мулкларни харид қилиши масалалари тартибга солинмаган. Бугунги кунда давлат хизматчиси бўлган хоҳлаган мансабдор шахс чет элда банк ҳисобрақамини очиши ва исталган мол-мулкни сотиб олиши мумкин. Буларни ҳам тартибга солиш вақти келди, деб ўйлаймиз», – дейди Бурхонов.
Аввалроқ Акмал Бурҳонов Президентдан тортиб барча давлат хизматчиларининг мол-мулки босқичма-босқич декларация қилиниши ҳақида айтган эди. Шунингдек, Ўзбекистонда раҳбарлар хизмат машинасидан қандай мақсадда фойдаланиши назорат қилиниши маълум қилинган.