Сенаторлар «Конституциявий суд тўғрисида»ги қонунни қабул қилдилар

Суд фаолиятига ахборот тизими жорий этилиб, мурожаатларни электрон шаклда юбориш, жараённи онлайн кузатиш, видеоконференцалоқа ва мобил илова орқали судда иштирок этиш ҳамда очиқ суд мажлисларини интернет орқали жонли эфирга узатиш имконияти яратилмоқда

Олий Мажлис Сенати «Ўзбекистон Республикасининг Конституциявий суди тўғрисида»ги конституциявий қонунни қабул қилди, деб хабар беради парламент юқори палатаси матбуот хизмати.

Таъкидланишича, амалдаги қонунчиликда рақамли технологиялардан фойдаланиш ва мурожаатларни дастлабки кўриб чиқиш борасида муайян ҳуқуқий бўшлиқлар мавжуд эди. Конституциявий қонун билан қуйидаги энг муҳим янгиликлар жорий этилмоқда.

Суд фаолиятига ахборот тизими жорий этилиб, мурожаатларни электрон шаклда юбориш, жараённи онлайн кузатиш, видеоконференцалоқа ва мобил илова орқали судда иштирок этиш ҳамда очиқ суд мажлисларини Интернет орқали жонли эфирга узатиш имконияти яратилмоқда.

Фуқаролар ва юридик шахсларнинг оворагарчилигига чек қўйиш ва муддатларни аниқ белгилаш мақсадида келиб тушган мурожаатларни 15 кунлик муддатда дастлабки тарзда ўрганиш, тааллуқли бўлмаган мурожаатларни ваколатли органларга юбориш ёки қабул қилишни рад этиш ҳақида ажрим чиқариш тартиби йўлга қўйилмоқда.

Конституциявий суд қарорларининг ижро механизми кучайтирилмоқда. Конституцияга зид деб топилган норматив-ҳуқуқий ҳужжатни қабул қилган орган ушбу ҳужжатни 3 ой муддатда Конституцияга мувофиқлаштириши шартлиги ҳамда бундай ҳужжатлар асосида чиқарилган суд қарорларини қайта кўриб чиқиш тартиби аниқ белгиланмоқда.

Суд кадрлари таркибини мустаҳкамлаш ва холисликни таъминлаш учун Судьялар олий кенгаши билан биргаликда Конституциявий суд судьялигига номзодлар захирасини шакллантириш механизми мустаҳкамланмоқда.

Сенат аъзолари Қонунни маъқуллади.

Ўзбекистон