Самарқандда банк ходимлари бюджетдан қанча маблағни ўзлаштиргани маълум бўлди
Самарқанд вилоятида банк ходимлари 2019–2020 йилларда жами 26 миллиард сўм бюджет маблағларини талон-торож қилиш ҳолатлари аниқланган. Бу ҳақда «Daryo» вилоят прокурорига таяниб хабар берди.
Маълум қилинишича, Бу жиноятни содир қилган 246 нафар шахс жиноий жавобгарликка тортилган ҳамда 2249 нафар шахсга нисбатан маъмурий иш қўзғатилган. Бюджетдан ташқари Пенсия жамғармаси Тойлоқ туман бўлими мансабдор шахслари пенсия маблағларини талон-торож қилган. Мансабдорлар ноқонуний равишда 10 та ҳолатда 111 миллион сўмлик пенсия маблағларини пластик картага ўтказиб, ўзлаштирган.
Шунингдек, вилоят Миллий банкининг собиқ ходими А.Б. банк омонатчиларининг ҳисоб рақамидан жами 90 та ҳолатда 7,7 миллиард сўм, 607 минг доллар ва 1461 евро омонат маблағларини ўзлаштириш йўли билан талон-торож қилган.
«Агробанк»нинг Челак филиали ходими А.А. кредит ажратишни сўраб банкка мурожаат қилмаган фуқаролар номига 30 миллион сўм микроқарз кредити ажратиб, пулни пластик карточкаси орқали ўзлаштириб юборган.
Мавзуга доир:
«Ипотека банк»нинг Кўксарой филиали «Жума» мини-банки мудири Ч.Ч. банкнинг бошқа мансабдор шахслари билан жиноий тил бириктириб, давлат дастури асосида балиқчилик ва аҳоли тадбиркорлиги учун ажратилган 6 миллиард 995 миллион сўмлик кредит маблағларини талон-торож қилган.
Аввалроқ Андижон шаҳар халқ таълими бўлими 2 йилда қанча бюджет маблағини ўзлаштиргани, Ўзбекистонда сўнгги икки йилда мансабдор шахслар давлатга қанча зарар етказгани ва Ўзбекистонда коррупциявий хавф-хатар юқори бўлган соҳалар маълум қилинганди. Шунингдек, Ўзбекистонда мансабдорлар коррупцияга оид жиноятлар оқибатида неча миллиард пул ўғирлагани хабар қилинганди.