Андижон шаҳар ХТБ 2 йилда қанча бюджет маблағини ўзлаштиргани маълум бўлди

Андижон шаҳар Халқ таълими бўлими 2018 йил 1 ноябрдан 2020 йил 1 ноябргача бўлган давридаги бирламчи ҳужжатлар асосида тафтишдан ўтказилганда иш ҳақи тўловлари бўйича шубҳали харажатлар амалга оширилганлиги аниқланди. Бу ҳақда Молия вазирлиги ахборот хизмати маълум қилди.

Фото: «Tez News»

Маълум бўлишича, Давлат молиявий назорати департаменти томонидан ўтказилган тафтишда ходимларга ҳисобланган иш ҳақига нисбатан 33,8 миллиард сўм нақд пул Халқ таълими бўлимининг масъул ходимлари томонидан банкдан ортиқча олинган маълум бўлган.

Тафтиш якунида олинган пуллар марказлашган бухгалтерия кассасига кирим қилинмасдан ўзлаштириб юборилганлиги аниқланган.

Ушбу ўзлаштирилган маблағлар 2018 йилда 1,0 миллиард сўмни, 2019 йилда 12,6 миллиард сўмни ва 2020 йилнинг ўтган даврида 20,2 миллиард сўмни ташкил этган. Шунингдек, хабарда тўпланган ҳужжатлар ҳуқуқий баҳо бериш учун Бош прокуратурага юборилганлиги айтилган.

Аввалроқ Халқ таълими тизимида 2020 йилда неча миллиард сўм камчиликлар аниқлангани ва Ўзбекистонда коррупциявий хавф-хатар юқори бўлган соҳалар маълум қилинганди.

Шунингдек, Ўзбекистонда Хусусий бандлик агентликлари фирибгарлик йўли билан ўзлаштирган маблағ миқдори  ҳамда Ўзбекистонда мансабдорлар коррупцияга оид жиноятлар оқибатида неча миллиард пул ўғирлагани ҳақида хабар берилганди.

Янгиликлар