Ўзбекистонда тиббиёт ОТМларидаги талабаларни мажбурий меҳнатга жалб қилингани юзасидан ўрганиш ишлари бошланди

Ўзбекистондаги тиббиёт олийгоҳларининг талабалари антропометрик маълумотларни йиғишга мажбурий сафарбар этилгани ҳақида хабарлар тарқалган эди. Сенат бу бўйича ўрганиш ишлари бошланганини маълум қилди.

Фото: «Tez News»

Хабарга кўра, одам савдосига ва мажбурий меҳнатга қарши курашиш Миллий комиссияси томонидан Давлат меҳнат инспекцияси билан биргаликда ижтимоий тармоқларда тарқалган тиббиёт йўналишидаги олий таълим муассасаларининг битирувчи талабалари ҳудудларнинг амбулатор-поликлиника муассасаларига аҳолининг антропометрик маълумотларини йиғишга мажбурий сафарбар этилганлиги тўғрисидаги хабарларни ўрганиш ишлари бошланган. Мазкур масалани ўрганиш якунлари юзасидан қўшимча маълумот берилиши таъкидланган.

Маълумот ўрнида, ижтимоий тармоқда «Тиббиёт масканларида ўқувчилари ва ўқитувчиларининг мажбурий меҳнати ҳақида» сарлавҳали хабар тарқалган. Унда Соғлиқни сақлаш вазирлигининг тиббиёт олий ўқув юртларининг якуний курслари талабалари аҳолида антропометрик ўлчовларни амалга оширишлари кераклиги ҳақида ёзилган буйруғи еълон қилингани ҳақида айтилиб, «Буйруқнинг ўзи оммавий ахборот воситаларида ёки веб-сайтда еълон қилинмади. Бу фаолият билан мос эмас, ўз мутахассислиги бўйича амалиёт бор битирувчилари, аҳолиси, ва усталари», дея изоҳ қолдирилган.

Шундан сўнг Соғлиқни сақлаш вазирининг биринчи ўринбосари Амрилло Иноятов бу ушбу хабарга изоҳ берган.

«Албатта, ҳар бир талаба ўқув жараёнида амалиёт ўташи зарур. Айниқса, тиббиёт соҳасида талаба фақат назарияни ўрганиб, ҳеч қачон етук шифокор бўла олмайди. Тиббиёт таълими азалдан амалиёт билан бирга олиб борилган. Бутун дунёда ўқув жараёнида амалиётга алоҳида эътибор қаратилади. Айни пайтда бу масала кун тартибига чиққани ҳам аниқ сабабларга, ҳуқуқий асосга эга», — дейди Амрилло Иноятов.

Янгиликлар