ССВ: «Тиббий фаолиятни юритишга қўйилган талаблар давлат ҳамда хусусий шифохоналар учун бирдек амал қилади»

Интернет тармоғида коронавирусга чалинган беморларни даволовчи нодавлат тиббиёт ташкилотлари атрофида турли мунозаралар бўлмоқда. Бунга амалдаги ҳуқуқий ҳужжатлардан бехабарлик ҳам сабаб бўляпти, деб хабар беради Соғлиқни сақлаш вазирлиги.

Президентнинг 26 мартдаги «Ўзбекистон Республикасида коронавирус инфекцияси кенг тарқалишининг олдини олишга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги қарори билан хусусий шифохоналарга коронавирус инфекциясини даволашга рухсат берилган эди.

Мазкур қарорда коронавирусга чалинган беморларни даволаш учун хусусий шифохона ССВ билан тегишли шартномани тузганидан кейингина бу йўналишда фаолият бошлаши лозимлиги кўрсатиб ўтилган. Шунингдек, тиббий фаолиятни лицензиялаш тартиби тўғрисидаги низомда ҳам нодавлат тиббиёт муассасалари санитария-эпидемиология қоидаларига, ССВ томонидан тасдиқланган ва халқаро тиббий амалиётда синовдан ўтган даволаш стандартларига риоя қилиши лозимлиги белгиланган.

«Тиббий фаолиятни юритишга қўйилган талаблар давлат шифохоналари учун ҳам, хусусий шифохоналар учун ҳам бирдек амал қилади. Шунинг учун мулкчилик шаклидан қатъи назар ҳар бир тиббиёт муассасаси Соғлиқни сақлаш вазирлигининг диагностика ва даволаш стандартларига тўлиқ риоя қилиши шарт. Бу талаблар бузилган тақдирда, амалдаги қонунчиликка кўра, давлат тиббиёт муассасаларида бевосита тиббиёт ходимларига нисбатан чора кўрилади. Хусусий шифохоналарда эса тиббий фаолиятга олинган лицензиянинг амал қилиниши, шу жумладан, унинг суд тартибида бекор қилиниши кўзда тутилган», — дейди вазирликнинг Лицензиялаш ва аккредитациялаш бошқармаси бошлиғи Фарҳод Раҳимқулов.

Пойтахтидаги коронавирусга чалинган беморларни даволаётган 14 та хусусий шифохона 4—6 август кунлари мониторинг қилинганида улардан 7 таси юқорида назарда тутилган шартномани имзоламасдан фаолият кўрсатгани аниқланган. Уларнинг аксариятида қатъий риоя қилиниши лозим бўлган «қизил», «сариқ», «яшил» ҳудуд қоидаларига амал қилинмаганлиги, аниқ бир даволаш тактикаси мавжуд эмаслиги, инфузион суюқликлар ва антибиотикларни керагидан ортиқ қўлланганлиги маълум бўлди. Бу ҳолат юқумли касалликнинг тиббиёт ходимларига юқиши билан бирга, беморлар аҳволининг оғирлашишига ҳам сабаб бўлади.

Фарҳод Раҳимқуловнинг маълум қилишича, айрим хусусий шифохоналарга коронавируснинг енгил шакли билан ётқизилган беморларнинг аҳволи кейинчалик ёмонлашиб, касаллик оғир шаклга ўтиб кетгач, давлат тиббиёт муассасасига ўтказилгани ёки, афсуски, вафот этгани аниқланган. Шифохоналарда зарур ускуна ва жиҳозлар, соҳа бўйича мутахассислар етишмаслиги бундай нохуш ҳолатларнинг олдини олишга имкон бермаган.

«ССВ хусусий шифохоналарга коронавирусни даволаш бўйича хеч қандай чеклов қўймаган. Фақат ушбу фаолиятни қонунчиликда белгиланган тартибда амалга ошириш лозимлигини, агар тартибга риоя қилинмаса, ҳуқуқий таъсир чораси мавжуд эканлигини эслатиб келмоқда, холос. Инсон саломатлиги ҳақида гап кетганда, давлат тиббиёт муассасаларида бўлгани каби хусусий шифохоналардан ҳам барча қоидаларга сўзсиз риоя қилиш талаб қилинади», — дейилади вазирлик хабарида.

Маълумот ўрнида, айни пайтда Тошкент шаҳрида 21 та, вилоятларда 4 та хусусий шифохона коронавируc инфекциясига чалинган беморларни даволаб келмоқда.

Эслатиб ўтамиз, 16 август соат 17:00 ҳолатига кўра, Ўзбекистонда коронавирусга чалинганлар сони 35 109 нафарни ташкил этмоқда. Мамлакатда жами 228 нафар одам коронавирусдан вафот этган.

Янгиликлар