Андижонда «Жигули» тунги чироқлар билан ёритилмаган йўлда 2 кишини уриб кетди — видeo

Андижон вилояти Балиқчи туманида 17 ноябрь куни тунги чироқлар билан ёритилмаган йўлда «Жигули» машинаси 2 кишини уриб кетди. Бу ҳақда Йўл ҳаракат хавфсизлиги бош бошқармаси ахборот хизмати хабар берди.

Фото: Йўл ҳаракат хавфсизлиги бош бошқармаси ахборот хизмати

Таъкидланишича, 17 ноябрь куни соат 23:30 да Балиқчи тумани Ўртақўрғон маҳалласидан ўтувчи 4К-112 Мирзақўрғон—Балиқчи—Гўравон автомобиль йўлининг 14-километрида йўл-транспорт ҳодисаси содир бўлган.

Унда ҳайдовчи — 1980 йилда туғилган Балиқчи тумани Серқуёш маҳалласида яшовчи А.О. ўзининг «ВАЗ-2106» автомобилини бошқариб кетаётган вақтда йўлнинг қатнов қисмида кетаётган шу маҳаллада яшовчи 1998 йилда туғилган А.М.ни ҳамда унинг дўсти Қ.У.ни орқа томондан келиб урган. ЙТҲ оқибатида икки жабрланувчи ҳам тан жароҳати олиб воқеа жойида вафот этган.

Ҳодиса бўйича вилоят ИИБ раҳбарияти туманидан тўсиб ушлаш режаси эълон қилинган. Режага асосан вилоят ИИБ ва туман ички ишлар ходимлари олиб борган суриштирув ишлари натижасида ЙТҲ содир қилган ҳайдовчи топилган. Ҳолат бўйича туман Балиқчи туман ИИБ ҳузуридаги тергов бўлими томонидан Жиноят кодексининг тегишли моддаларига асосан жиноят иши очилган.

Ҳодиса келиб чиқиш сабаблари ўрганилганда ЙТҲ содир бўлган ҳудуд тунги чироқлар билан жиҳозланмагани аниқланган. Мутасаддилар яқин кунларда ушбу қатнов қисми ёритиш воситалари билан жиҳозланишини маълум қилган.

Аввалроқ Қамчиқ довонидаги йўлларга тунги ёритиш чироқлари ўрнатилгани ҳақида хабар берилганди. Шунингдек, Балиқчида 2 та «Nexia» тўқнашиб кетиши оқибатида 2 киши вафот этгани ҳақида хабар берилган.

Янгиликлар