Балиқчида 2 та «Nexia» тўқнашиб кетиши оқибатида 2 киши вафот этди
Андижон вилояти Балиқчи туманида 18 октябрь куни 2 та «Nexia» тўқнашиб кетди. Бу ҳақда Ички ишлар вазирлиги ҳузуридаги Тергов департаменти ахборот хизмати хабар берди.
Хабарга кўра, Балиқчи туманида 18 октябрь куни соат 15:00 да 40 ёшли Ф.Х. «Nexia» русумли автомашинасини Балиқчи тумани Балиқчи—Ўрмонбек автомобиль йўлида бошқариб келаётиб, қарама-қарши йўналишга чиқиб кетган. Натижада шу йўналишда қаршисидан ҳаракатланиб келаётган 53 ёшли А.Ў.нинг бошқарувидаги «Nexia» русумли автомашинаси билан тўқнашув содир этган.
Оқибатда «Nexia» автомашина ҳайдовчиси Ф.Х. ва йўловчи 53 ёшли Ж.М. ҳодиса жойида вафот этган. Ҳар иккала автомашинадаги яна 3 нафар йўловчи ва бошқа бир ҳайдовчи турли кўринишдаги тан жароҳатлари олиб, касалхонага мурожаат қилган.
Мазкур ҳолат юзасидан Балиқчи тумани ИИБ ҳузуридаги Тергов бўлинмаси томонидан Жиноят кодексининг 266-моддаси 3-қисми «а» банди (Транспорт воситалари ҳаракати ёки улардан фойдаланиш хавфсизлиги қоидаларини бузиш) билан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.
Аввалроқ Мингбулоқда 3 та автомашина иштирокида ЙТҲ содир бўлгани, Тошлоқда вояга етмаган бола ЙТҲ оқибатида вафот этгани хабар қилинган эди.