Мингбулоқда 3 та автомашина иштирокида ЙТҲ содир бўлди

Наманган вилояти Мингбулоқ туманида 2020 йил 15 сентябрь куни 3 та автомашина иштирокида йўл-транспорт ҳодисаси содир бўлган. Бу ҳақда Наманган вилояти Ички ишлар бошқармаси матбуот хизмати хабар қилди.

Маълум қилинишича, 15 сентябрь куни соат 11:00 атрофида Балиқчи—Жомашуй—Пунгон йўлининг 31 километрида Мингбулоқ тумани «Қўриқобод» маҳалласи ҳудудида 1997 йилда туғилган фуқаро «Damas» автомашинасини бошқариб бораётиб, ҳаракат хавфсизлигини таъминлай олмаган. Шу йўналишда ўзидан олдинда ҳаракатланиб кетаётган Чуст туманида яшовчи, 1992 йилда туғилган фуқаро бошқарувидаги «Lacetti» автомашинасининг орқа қисмига урилган. Оқибатда бошқарувни йўқотиб, йўлнинг қарама-қарши томонига ўтиб кетган ва қаршисидан ҳаракатланиб келаётган, Учқўрғон туманида яшовчи, 1979 йилда туғилган фуқаро бошқарувидаги «Damas» автомашинаси билан тўқнашган.

Ушбу ЙТҲ оқибатида «Damas» автомашинаси ҳайдовчиси — 1979 йилда туғилган фуқаро бош мия чайқалиши, чап оёқ чап тизза соҳалари йиртилиши ҳамда шу автомашинада бўлган йўловчи, Учқўрғон туманида яшовчи, 1971 йилда туғилган фуқаро бош мия чайқалиши, иккала оёқ болдир соҳалари шилиниши ташхиси билан шифохонага ётқизилган.

Ҳолат бўйича туман Ички ишлар бўлими ҳузуридаги тергов бўлими томонидан 2020 йил 6 октябрь куни Жиноят кодексининг 266-моддаси 1-қисми билан жиноят иши қўзғатилган.

Аввалроқ Бухорода «Nexia» бетон тўсиққа урилиши оқибатида 2 киши ҳалок бўлгани, Ургутда «Жигули» бошқарувини йўқотган йигит велосипеддаги синфдошининг ўлимига сабабчи бўлгани ҳақида хабар берилганди.

Янгиликлар