Жалақудуқда «Nexia» ва «Damas» тўқнашиши оқибатида ҳайдовчи ҳалок бўлди

Aндижон вилояти Жалақудуқ туманида 30 сентябрь куни йўл транспорт ҳодисаси содир бўлган. Бу ҳақда вилоят Ички ишлар бошқармаси ахборот хизмати хабар берди.

Фото: Aндижон вилояти Ички ишлар бошқармаси ахборот хизмати

Таъкидланишича, 30 сентябрь куни соат 18:00 да фуқаро A.A. бошқарувида бўлган «Nexia» автомашинаси Жалақудуқ тумани «Тўрачек» маҳалла ҳудудидан ўтган «Хонобод—Aндижон» транспорт қатновининг «Aндижон» йўналишида ҳаракатланиб келган. Шундан сўнг ўзи билан бир йўналишда келаётган фуқаро Т.О. бошқарувидаги «Volvo Fh12» юк автомашинасининг ўнг томонидан қувиб ўтиб, у ҳаракатланиб келаётган йўл бўлагига ўтмоқчи бўлган. Шу вақтда автомашинасининг орқа чап томони билан юк автомашинасининг ўнг олд томонига бориб урилган ва бошқарувни йўқотиб, қарама-қарши томонга ўтиб кетиши оқибатида ушбу йўналишда келаётган фуқаро К.Х.нинг бошқарувидаги «Damas» автомашина билан тўқнашув содир этган. Оқибатда «Damas» транспорт воситаси ҳайдовчиси К.Х. ҳодиса жойида вафот этган.

Фото: Aндижон вилояти Ички ишлар бошқармаси ахборот хизмати

Мазкур ҳолат юзасидан Жалақудуқ тумани ички ишлар бўлими ҳузуридаги тергов бўлинмаси томонидан Жиноят кодексининг 266-моддаси (Транспорт воситалари ҳаракати ёки улардан фойдаланиш хавфсизлиги қоидаларини бузиш) 2-қисми билан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Aввалроқ Андижонда «Damas»ни маст ҳолатда бошқарган фуқарога чора кўрилгани ҳақида хабар берилганди.

Янгиликлар