Ургутда «Жигули» бошқарувини йўқотган йигит велосипеддаги синфдошининг ўлимига сабабчи бўлди

Самарқанд вилояти Ургут туманида 18 сентябрь, жума куни «Жигули» ҳайдовчиси велосипеддаги синфдошини уриб юборди. Оқибатда велосипеддаги йигит воқеа жойида вафот этди, деб хабар берди Самарқанд вилояти ички ишлар бошқармаси ахборот хизмати.

Маълум қилинишича, автоҳалокат 18 сентябрь куни кеч соат 20:30 атрофида Ургут туманининг «Аълохотин» маҳалласи ҳудудидан ўтувчи Ургут—Тойлоқ 4Р50 автомобиль йўлида содир бўлган. Туманнинг «Юқори тегана» маҳалласида яшовчи 21 ёшли йигит бошқарувида бўлган «ВАЗ 2106» автомашинаси билан йўлда велосипед бошқариб бораётган синфдошини уриб юборган. Оқибатда велосипеддаги йигит олган тан жароҳатлари туфайли ҳодиса жойида вафот этган.

Мазкур ҳолат юзасидан «Аълохотин» маҳалласида йўл-транспорт ҳодисаларининг олдини олишга бағишланган тарғибот-ташвиқот тадбири ўтказилган. Унда сўзга чиққан йўл-патруль хизмати ходимлари, маҳалла фаоллари йўлларда содир этилаётган нохуш ҳолатлар ва уларнинг олдини олиш ҳақида гапирган.

Шунингдек, Самарқанд вилояти ички ишлар бошқармаси йўл ҳаракати хавфсизлиги бошқармаси томонидан йўлларда болаларни асраш ҳамда аянчли йўл-транспорт ҳодисалари асосида тайёрланган видеоролик йиғилиш иштироқчиларига намойиш этилган.

Аввалроқ Наманган шаҳрида «Damas» уриб юборган пиёда, Норин туманида «Nexia» дарахтга бориб урилиши оқибатида ҳайдовчи ва Қўқонда «Nexia-2» уриб юборган пиёда вафот этгани ҳақида хабар берилганди.

Янгиликлар