Янгиқўрғонда юк машинаси босиб кетган 12 ёшли бола воқеа жойида вафот этди
Наманган вилояти Янгиқўрғон туманида юк машинаси босиб кетган 12 ёшли бола воқеа жойида вафот этди. Бу ҳақида вилоят Ички ишлар бошқармаси хабар берди.
Маълум қилинишича, 21 сентябрь куни 16:30 ларда, Косонсой туманида яшовчи, 29 ёшли фуқаро Янгиқўрғон тумани «Маданият» маҳалласидаги пиёз экилган ер майдонидан «Зил-130» юк автомашинасига пиёз юклаб, орқага ҳаракатланаётганида ҳаракат хавфсизлигини таъминлай олмаган. Оқибатда Косонсой туманида яшаган, 12 ёшли болани автомашинанинг орқа ўнг баллони билан босиб кетган. Жабрланувчи тан жароҳати олиб, воқеа жойида вафот этган.
Мазкур ҳолат юзасидан, туман ИИБ ҳузуридаги тергов бўлими томонидан Жиноят кодексининг 266-моддаси (Транспорт воситалари ҳаракати ёки улардан фойдаланиш хавфсизлиги қоидаларини бузиш) 2-қисми билан жиноят иши қўзғатилган.
Аввалроқ Наманган шаҳрида мотоцикл ва «Volvo» иштирокида ЙТҲ содир бўлгани, Наманган вилоятида «ИЖ-2715» бетон-тўсиққа бориб урилиши оқибатида йўловчи шифохонада вафот этгани хабар қилинган эди.