Наманганда «ИЖ-2715» бетон тўсиққа бориб урилиши оқибатида йўловчи шифохонада вафот этди
Наманган вилоятида бетонга бориб урилган машина йўловчиси шифохонада вафот этди. Бу ҳақда вилоят ички ишлар бошқармаси ахборот хизмати хабар берди.
Маълум қилинишича, 20 сентябрь, якшанба куни соат 11:00 ларда Пунгон—Наманган—Андижон йўлида «ИЖ-2715» русумли машинани бошқариб бораётган ҳайдовчи ҳаракат хавфсизлигини таъминлай олмаган. Йўл четидаги бетон тўсиққа урилган. Оқибатда автомашинада бўлган йўловчи оғир тан жароҳати олиб, шифохонада вафот этган.
Мазкур ҳолат юзасидан туман ИИБ ҳузуридаги тергов бўлими томонидан 20 сентябрь куни Жиноят кодексининг 266-моддаси (Транспорт воситалари ҳаракати ёки улардан фойдаланиш хавфсизлиги қоидаларини бузиш) 2-қисми билан жиноят иши қўзғатилган.
Аввалроқ Пахтачида «Isuzu» ва «Lacetti» иштирокидаги ЙТҲ оқибатида 2 киши ҳалок бўлгани, Норин туманида «Nexia» дарахтга бориб урилиши оқибатида ҳайдовчи шифохонада вафот этгани, Фарғона шаҳрида «Matiz» йўл четидаги бетонга урилиши оқибатида ҳайдовчи ҳалок бўлгани ҳақида хабар берилганди.