Фарғона шаҳрида «Matiz» йўл четидаги бетонга урилиши оқибатида ҳайдовчи ҳалок бўлди
Фарғона шаҳрида «Matiz» йўл четидаги бетон тўсиққа урилиши оқибатида ҳайдовчи воқеа жойида ҳалок бўлди. Бу ҳақда Фарғона вилояти ИИБ ахборот хизмати хабар қилди.
Хабарга кўра, воқеа 17 cентябрда Фарғона шаҳридаги Йўлдош кўчасида содир бўлган. Фуқаро М.Б. «Matiz» русумли автомашинасида кетаётиб, бошқарувни йўқотиб, йўл четидаги бетон тўсиққа урилган. Бунинг оқибатида ҳайдовчи оғир тан жароҳатлари билан воқеа жойида ҳалок бўлган.
Қайд этилишича, ҳолат юзасидан Фарғона шаҳар Ички ишлар органлари фаолиятини мувофиқлаштириш бошқармаси ҳузуридаги тергов бўлими томонидан Жиноят кодексининг 266-моддаси (Транспорт воситалари ҳаракати ёки улардан фойдаланиш хавфсизлиги қоидаларини бузиш) 2-қисми билан жиноят иши қўзғатилиб, ҳозирда тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.
Маълумот учун, Жиноят кодексининг 266-моддаси 2-қисмида кўрсатилган жиноятни содир этган шахс етти йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланади.
Aввалроқ Косонсойда «Nexia» уриб юборган пиёда шифохонада вафот этгани ва Наманганда «Epica» тез ёрдам машинасига бориб урилиши оқибатида ҳамшира касалхонага ётқизилгани ҳақида хабар берилган эди. Кейинчалик Булунғурда йўл ўртасида маст ҳолда ётган 20 ёшли йигит «Nexia» босиб кетиши оқибатида вафот этгани ҳамда Қувада «Matiz» велосипедни уриб юбориши оқибатида велосипедчи ҳалок бўлгани маълум қилинди.