Наманганда «Epica» тез ёрдам машинасига бориб урилиши оқибатида ҳамшира касалхонага ётқизилди
Наманганда «Epica» тез ёрдам машинасига бориб урилиши оқибатида ҳамшира касалхонага ётқизилди. Бу ҳақда вилоят Ички ишлар бошқармаси ахборот хизмати хабар берди.
Маълум қилинишича, 1 сентябрь куни соат 7:30 ларда Наманган—Уйчи—Учқўрғон йўлида «Кесканёр» маҳалласида яшовчи, 1996 йилда туғилган фуқаро «Epica»да ҳаракат хавфсизлигини таъминлай олмай қолган. Натижада ўзидан олдинда ҳаракатланиб кетаётган тез тиббий ёрдам бўлимига қарашли «Damas»нинг орқа томонига бориб урилган.
Воқеа оқибатда тез ёрдам машинасида бўлган ҳамшира чап томон 7-қовурғаси ёпиқ синиши ташхиси билан шифохонага ётқизилган.
Мазкур ҳолат юзасидан туман ИИБ ҳузуридаги тергов бўлими томонидан 10 сентябрь куни Жиноят кодексининг 266-моддаси 1-қисми билан жиноят иши қўзғатилган.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Олтиариқда «Spark» ва «Камаз» тўқнашиши оқибатида 2 киши ҳалок бўлгани ҳақида хабар берилган. Кейинчалик Бешариқда «Damas» велосипедчини уриб юборгани, Фарғонада «Nexia-3» велосипедчини уриб юбориши оқибатида велосипед ҳайдовчиси ҳалок бўлгани маълум қилинган эди.