Қувада «Matiz» велосипедни уриб юбориши оқибатида велосипедчи ҳалок бўлди
Фарғона вилояти Қува туманида «Matiz» ҳайдовчиси велосипедчини уриб юбориши оқибатида велосипедчи воқеа жойида ҳалок бўлди. Бу ҳақда вилоят ИИБ ахборот хизмати хабар қилди.
Хабарга кўра, Қува туманида 11 cентябрь куни фуқаро Қ.Ф. «Matiz» автомашинасини Ровот кўчасида бошқариб кетаётиб, қатнов қисмини велосипедда кесиб ўтаётган A.A.ни уриб юборган. Оқибатда A.A. тан жароҳати олиб, ҳодиса жойида ҳалок бўлган.
Қайд этилишича, мазкур ҳолат юзасидан Қува тумани ИИБ ҳузуридаги тергов бўлинмаси томонидан Жиноят кодексининг 266-моддаси (Транспорт воситалари ҳаракати ёки улардан хавфсизлиги қоидаларини бузиш) 2-қисми билан жиноят иши қўзғатилиб, ҳозирда тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.
Маълумот учун, Жиноят кодексининг 266-моддаси 2-қисмида кўрсатилган жиноятни содир этган шахс етти йилгача озодликдан маҳрум этиш билан жазоланади.
Аввалроқ Қувасойда «Tico»нинг ағдарилиши оқибатида ҳайдовчи ҳалок бўлгани, Фарғонада 19 ёшли йигит экскаваторда пиёдани уриб юбориши оқибатида 68 ёшли пиёда воқеа жойида вафот этгани ҳамда Бувайдада 2 та «Nexia-2» ва велосипед иштирокида ЙТҲ содир бўлгани, велосипед ҳайдовчиси касалхонада вафот этгани ҳақида хабар берилганди.