Пахтачида «Isuzu» ва «Lacetti» иштирокидаги ЙТҲ оқибатида 2 киши ҳалок бўлди (фото)
Самарқанд вилояти Пахтачи туманида 16 сентябрь, чоршанба куни «Isuzu» ва «Lacetti» иштирокида йўл транспорт ҳодисаси содир бўлди. Мазкур ЙТҲ оқибатида 2 киши ҳалок бўлди. Бу ҳақда Тергов департаменти хабар қилди.
Хабарга кўра, Пахтачи туманида 16 cентябрь куни соат 07:00 да «Ёбу» маҳалласи ҳудудидан ўтган Самарқанд—Бухоро автомобиль йўлида 26 ёшли И.Р. «Isuzu» русумли юк машинани бошқариб бориб, олд томонидан ҳаракатланиб кетаётган Ш.Ҳ. бошқарувидаги «Lacetti»нинг орқа томонидан уриб юборган.
Маълум бўлишича, мазкур ЙТҲ оқибатида «Lacetti» йўловчиси 70 ёшли Ҳ.Х. тан жароҳатлари олиб ҳодиса жойида вафот этган, автомашина йўловчилари 68 ёшли Ҳ.У. ва 42 ёшли A.Б. турли даражада олган тан жароҳатлари билан тиббиёт бирлашмасининг жонлантириш бўлимига ётқизилган. Бироқ кўрсатилган тиббий муолажаларга қарамай, Ҳ.У. вафот этган.
Мазкур ҳолат юзасидан Пахтачи туман ИИБ ҳузуридаги тергов бўлими томонидан Жиноят кодексининг 266-моддаси 3-қисми (Oдамлар ўлимига олиб келган транспорт воситалари ҳаракати ёки улардан фойдаланиш хавфсизлиги қоидаларини бузиш) билан жиноят иши қўзғатилган.
Ҳозирда жиноят иши бўйича вилоят ИИБ ҳузуридаги тергов бўлими томонидан тергов ҳаракатлари ўтказилмоқда.
Маълумот учун, Жиноят кодексининг 266-моддаси 2-қисмида кўрсатилган жиноятни содир этган шахс етти йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланади.
Эслатиб ўтамиз, Пунгон—Наманган йўлида «Spark» ва юк машинаси иштирокида содир бўлган ЙТҲ оқибатида йўловчилардан бири ҳалок бўлгани ҳамда Водий—Тошкент автомобиль йўлида «Isuzu» йўл ўртасидаги темир тўсиққа бориб урилиши оқибати ёнғин келиб чиққани ҳақида хабар қилинганди.