Британияда COVID-21 туфайли Лондон кўчалари бўшаб қолди — видео
Буюк Британияда пайдо бўлган коронавируснинг янги тури — COVID-21 сабабли пойтахт кўчалари ҳувиллаб қолди. Бу ҳақда эълон қилинган видеоларга таяниб, «Korrespondent» хабар берди.
Маълум қилинишича, бош вазир Борис Жонсон коронавирус мутациясига боғлиқ қатъий карантин эълон қилганидан кейин Буюк Британиянинг пойтахти бўшаб қолган.
Локдаун ҳозиргача фақат Лондонда ва Англиянинг жануби-шарқида амал қилмоқда. Дўконлар ва кўнгилочар марказлар ёпиқ, Лондон кўчалари эса бўм-бўш.
Бу вирус ҳақида аввалроқ Буюк Британия расмийлари хабар берган эди. Бош вазир Борис Жонсоннинг айтишича, янги штамм олдингисига қараганда 70 фоиз тезроқ тарқалиши мумкин. Унинг ўлим даражаси ошгани ҳақида эса ҳали бирон-бир маълумот йўқ. Мамлакат Соғлиқни сақлаш вазирлиги раҳбари Метт Хенкокнинг сўзларига кўра, COVID-19 янги мутацияси Лондон, Эссекс, Кент ва Хертфордшир ҳудудларида аниқланган. Шунингдек, 1000 дан ортиқ одам янги штамм билан касалланган.
19 декабрь куни Британия ҳукуматининг бош тиббиёт ходими ва тиббиёт бўйича маслаҳатчиси Крис Уитти мамлакатда тарқалган янги вирусни тасдиқлаган эди.