Наманганда иш сўраб мурожаат қилган фуқарога савдо дўкони расмийлаштириб берилди

Наманган вилояти Наманган шаҳрида иш сўраб мурожаат қилган фуқарога савдо дўкони расмийлаштириб берилди. Бу ҳақда Миллий гвардия матбуот хизмати хабар берди.

Фото: Миллий гвардия матбуот хизмати

Маълум қилинишича, вилоятда Миллий гвардия, ички ишлар бошқармалари ҳамда Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш бўлими ходимлари томонидан фуқароларнинг муаммолари ўрганилиши давомида келиб тушган мурожаатлар кўриб чиқилган.

Қайд этилишича, Наманган шаҳри «Чорсу» МФЙ Кўзагарлик кўчасида қурилаётган савдо дўкони «Кўзагарлик» МФЙда истиқомат қиладиган фуқаро 1977 йилда туғилган Қ. Турғунбоевнинг номига расмийлаштириб берилган. Бунинг натижасида ушбу фуқаро ва оила аъзоларининг бандлиги таъминланган.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Норин туманидаги тикув цехи фаолиятини бошлаши натижасида 40 нафар аёлнинг бандлиги таъминлангани маълум қилинган эди.

Шунингдек, Наманганлик фуқаронинг 2 сотих ерига иссиқхона қуриб берилди.