Тошкент метросини ривожлантиришнинг янги босқичида асосий эътибор ерости бекатларига қаратилади

Президент Шавкат Мирзиёев 21 ноябр куни Тошкент метрополитенини ривожлантириш бўйича йиғилиш ўтказган эди. Транспорт вазири Илҳом Маҳкамовнинг «Ўзбекистон 24» телеканалига берган интервюсида айтишича, йиғилишда давлат раҳбари кейинги йилларда жамоат транспортини қайси йўналишларда ривожлантириш кераклиги бўйича топшириқлар берган.

Хусусан, автобуслар ва метро вагонларини харид қилишдан ташқари, автобус ва метро йўналишларини бир-бирига боғлаш, автобуслар учун алоҳида ҳаракатланиш йўлакларини ишлатиш бўйича кўрсатмалар берилган.

«Тошкент метрополитени» ДУК бошлиғи Раҳмонбек Усмоновга кўра, ҳозирда президент топшириғи асосида метрополитенни ривожлантириш бўйича стратегияси ишлаб чиқилмоқда. Унда 2040 йилгача нечта янги станция қурилиши, метро қаерларни қамраб олиши кабилар белгиланади.

«Янги технологиялар асосида метрополитен қуриш бўйича топшириқлар берганлар. 2040 йилгача режалаштирилаётган қурилиш ишларида асосан ерости метросига катта эътибор берилади. Шуни инобатга олиб, эски шаҳар қисми, айниқса Янги Тошкентни [шаҳар билан] боғловчи иккита метро йўналиши режалаштирилмоқда. Яқин кунларда ҳурматли президентимизнинг буларнинг тақдимотини қиламиз ва шу бўйича ишларимизни бошлаймиз», – деди Раҳмонбек Усмонов.

Янгиликлар