Ўзбекистонда «Президент арчаси» тадбирлари қайдай тартибда ўтказилиши маълум қилинди

Ўзбекистонда 2020 йилги «Президент арчаси» тадбирлари CОVID-19 вируси билан боғлиқ вазиятни инобатга олиб, карантин талабларига қатъий риоя этган ҳолда ташкил этилади ва фақат телевидение орқали намойиш этилади. Бу ҳақда Халқ таълими вазирлиги ахборот хизмати хабар қилди.

Фото: «Халқ сўзи Online»

Хабарга кўра, «Томоша» болалар театр-студияси томонидан тайёрланган «Президент арчаси» байрам дастури томошабинларсиз Ўзбекистон миллий телерадиокомпанияси томонидан тасвирга олинади ҳамда «Bolajon», «Yoshlar» телеканаллари томонидан ташкил этиладиган Янги йил телемарафони доирасида намойиш этилади.

Қайд этилишича, бугунги кунда Меҳрибонлик уйлари тарбияланувчилари, ота-она қаровисиз қолган болалар, ота-оналари Ватан сарҳадларини ҳимоя қилиш йўлида қурбон бўлган болалар ҳамда ижтимоий ҳимояга муҳтож оилаларнинг 3–15 ёшдаги фарзандлари учун 11 000 дона «Президент совғаси» ҳозирланмоқда. Совғалар 28–30 декабрь кунлари барча ҳудудларга етказиб берилади.

Аввалроқ Ўзбекистондаги мактабларда арча безатиш ва янги йил байрамини нишонлаш тақиқлангани ҳақида хабар берилган эди.

Янгиликлар