Ўзбекистонда пандемия даврида қанча тадбиркордан солиқ ундирилмагани маълум бўлди
Ўзбекистонда пандемия даврида қанча тадбиркордан фойдаланилмаган объектлари учун солиқ ундирилмагани маълум бўлди. Бу ҳақда 23 декабр куни Савдо-саноат палатаси раиси Адҳам Икрамов палатанинг навбатдан ташқари президиум йиғилишида айтиб ўтди, деб хабар бермоқда «Tez News» мухбири.
Йиғилишда 2020 йил якунлари бўйича фаолият натижалари, шунингдек, 2021 йилдаги режалар кўриб чиқилган. Унда Савдо-саноат палатаси раиси Адҳам Икрамов, палата президиуми аъзолари, шунингдек, республиканинг ҳар бир шаҳри ва вилоятидан ишбилармон доиралар вакиллари, маҳаллий ҳокимият идоралари иштирок этган.
Палата раиси Адҳам Икрамовнинг сўзларига кўра, карантин чекловлари ўрнатилган даврда пандемиядан зарар кўрган 60 мингдан ортиқ кичик бизнес субъектлари мол-мулк ва ер солиғидан озод қилинган. Шунингдек, 21 мингта тадбиркорга фойдаланилмаётган объектлари (ер, бино) учун юқори ставкадаги солиқ ва жарималарни ундириш тўхтатилган.
Бундан ташқари, 329 мингта кичик бизнес субъекти учун ижтимоий солиқ ставкаси 12 фоиздан 1 фоизга камайтирилган ва 4 мингдан ортиқ экспорт қилувчи дебиторлик қарзлари мавжуд корхоналарга жарималарни қўллаш тўхтатилган.
«Тадбиркорларни қўллаб-қувватлаш борасидаги бу каби чора-тадбирлар узлуксиз давом этмоқда. Жумладан, Президент томонидан 2020 йил 24 ноябрь куни тадбиркорликни ривожлантириш бўйича ўтказилган йиғилишида ҳам туризм ва хизмат кўрсатиш соҳасига берилган имтиёз ва енгилликларни 2021 йил 1 октябрга қадар узайтириш топшириғи берилди. Яратилаётган имкониятлар натижасида, пандемия бўлишига қарамасдан 2020 йилда 92 мингта янги кичик бизнес субъектлари ташкил этилди», — дейди Савдо-саноат палатаси раиси Адҳам Икрамов.
Таъкидланишича, шу пайтга қадар мавжуд тадбиркорлик субъектларининг 52 фоиздан ортиғи яқин 3 йилда ташкил этилган. Натижада бугунги кунга келиб, ҳар 1000 иқтисодий фаол аҳолига тўғри келадиган кичик тадбиркорлар сони 35,3 бирликка етган. Ушбу кўрсаткич 2016 йилда 25,5 бирлик бўлган.
Президиум йиғилиши давомида Савдо-саноат палатаси ёшларни касбий кўникмаларга, халқ ҳунармандчилигига ўргатиш, шунингдек, уларни тадбиркорлик фаолиятига жалб қилиш ва уларни қўллаб-қувватлаш мақсадида «Ҳар бир тадбиркор — ёшларга мададкор» деган умумий шиор остида тадбиркорларни қўллаб-қувватлаш орқали ташаббус билан чиққан. Палата ўзининг ҳудудий идораларида ташкил этилган ўқув марказлари асосида тегишли идоралар билан биргаликда ёшларни келгусида корхоналарда ишлашлари учун касбга ўргатишни таклиф қилган.
Мавзуга доир:
Аввалроқ Ёшлар иттифоқи биноси олдида очлик эълон қилмоқчи бўлган тадбиркор ташкилотдан пулини ундириб олгани ҳақида хабар берилганди.